Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Парижда Ўзбекистон маданияти ва санъати кунлари бўлиб ўтмоқда

Парижда Ўзбекистон маданияти ва санъати кунлари бўлиб ўтмоқда

«Top Rese-2018» халқаро сайёҳлик кўргазмасида.

Фото: Давлат туризм қўмитаси

Ўзбекистон Республикаси Президентии Шавкат Мирзиёевнинг Франция Республикасига расмий ташрифи муносабати билан ушбу мамлакатда 26 сентябрдан 10 октябргача Ўзбекистон маданияти ва санъати кунлари бўлиб ўтмоқда. Шу билан бирга айни пайтда Парижда халқаро мода ҳафталиги, дунёнинг йирик авто концерни –  BMWнинг савдо-кўргазмаси, «Top Rese-2018» халқаро сайёҳлик кўргазмаси ҳам ўтказилмоқда. 

Учта йирик кўргазма, Ўзбекистон маданияти ва санъати кунлари давом этаётган бир пайтда ЎзЭОАВМАнинг ижодий жамоаси Парижда тасвирга олиш жараёнлари билан банд. Профессионал соҳа ходимларидан иборат жамоа «Ўзбекистон маданий мероси дунё тўпламларида» туркумидан навбатдаги фильм устида ишламоқда.

Маълумки, мазкур туркум доирасида айни пайтга қадар Ўзбекистонга оид, дунёнинг йирик илмий ва маданий муассааларида сақланаётган маданий ёдгорликлар ҳақида бир қатор китоб-альбомлар яратилди, фильмлар суратга олинди. Ушбу йирик лойиҳа бўйича изланишлар давом этмоқда.

Навбатдаги фильм «Ўзбекистон маданий мероси Лувр тўпламларида» деб номланади. Уни тасвирга олиш учун ижодий жамоа музейнинг ислом маданияти коллекцияси сақланадиган залларда суратга олиш ишларини бошлаб юборган.  Шуни ҳам таъкидлаб ўтиш керакки, бу фондларга шу пайтга қадар ҳеч ким кира олмаган. Журналист Шаҳноза Ғаниева муаллифлигидаги фильмда томошабинлар ана шу бебаҳо дурдоналаридан илк бор танишишлари мумкин.

Маълумот ўрнида шуни айтиш керакки, «Ўзбекистон маданий мероси дунё тупламларида» лойихаси доирасида 30 га яқин ҳужжатли фильм тайёрланган. Мазкур фильмлар Россия (Санкт Петербург, Москва), Германия (Берлин, Дрезден, Лейпциг), Чехия (Прага), Буюк Британия (Лондон, Оксфорд, Кембридж) музейларида сақланаётган моддий ва маданий меросимиз, уларнинг яратилиши ва Ўзбекистондан олиб кетилиши тарихи ҳақида ҳикоя қилади.

Эслатиб ўтамиз, 3 октябрь куни «Маданий мерос – Ўзбекистон ва Франция ўртасидаги кўприк» мавзусида халқаро илмий медиа-ивент бўлиб ўтади. Унда Франциянинг энг йирик музей, кутубхона ва илмий муассасаларнинг раҳбарлари, шарқшунос олимлар қатнашиши кутилмоқда. 

Шу билан бирга 2017 йил май ойида Самарқандда бўлиб ўтган халқаро конгрессда бутун дунё шарқшунос олимлари ташаббуси билан ташкил этилган Ўзбекистон маданиятини ўрганиш бўйича дунё ҳамжамиятининг биринчи кенгаши ўтказилади.

Тадбирда Франция миллий кутубхонаси, Лувр, Гимн музейларига лойиҳа доирасида чоп этилган китоб-альбомлар ва «Катта Лангар  Қурьони», «Девони Ҳусайний», «Равзат-ус-сафо», «Меърожнома», «Темур тузуклари», «Зафарнома» каби кадимий қўлёзмаларнинг факсимиле нусхалари беғараз туҳфа қилинади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг