Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Озодбек Назарбеков: «Ёшлар тезроқ паспорт олсаму, Россияга кетсам, дейди»

Озодбек Назарбеков: «Ёшлар тезроқ паспорт олсаму, Россияга кетсам, дейди»

Фото: Беҳзод Абдужабборов / Маданият вазирлиги

Маданият вазири Озодбек Назарбеков бугун ОАВ ходимлари билан учрашув ташкил этди. Учрашувда вазир маданият соҳасидаги муаммоларга тўхталиб, уларнинг ечимини топишда журналистлардан кўмак сўради.

«Мен бугун журналистларни келишиб олиш учун чақирдим. Масала нимада? Маданият соҳасида муаммолар кўп ва уларни ёритишда ОАВ ёрдами керак.

Сиз — журналистлар муаммоларни кўтариб чиқмоқдасиз ва катта натижа кўрсатмоқдасиз. Журналистлар — ўз ихтиёри билан байроқ кўтариб чиққан одамлар. Сизнинг ёрдамингиз ҳар бир соҳада зарур.

Жамиятнинг маданий салоҳияти ислоҳ бўлмас экан, бошқа соҳада ҳам янгиликлар бўлмайди.

Мен соҳадаги барча муаммони ичидан биламан, деб айта олмайман. Соҳа жуда кенг ва ҳаммасини билиш учун менга журналистлар ёрдами керак. Миллат ва Ватан манфаати биринчи ўринга қўйилган тақдирдагина натижага эриша оламиз.

Маданият соҳасидаги муаммолар нима учундир журналистлар томонидан кам ёритилади. Истардимки, тизимдаги муаммолар диагнозини журналистлар аниқлаб берса.

Шу вақтга қадар маданият соҳаси ходимлари санъаткорларга хизмат қиладиган одамдек ҳаракат қилганлар. Туман ва вилоятларда эса гапирмаса ҳам бўлади, ўзини бир «усилителчи»дек ҳис қилади, микрофон қўйиб берса бўлди. Ҳокимларнинг топшириғини бажарадиган одамга айланишган.

Маданият тизимида фаолият юритаётган ҳар бир инсон катта обрўга эга бўлиши керак. Имом фатво берса одамлар қандай қабул қилади? Маданият ходими ҳам шунга яраша бўлиши, жамият уни худди шундай қабул қилиши керак.

Бундай катта талабга жавоб бера олмаганлар маданият тизимини тарк этади ва уларнинг ўрнига янгилар, фидойилар келади.

Соҳада коррупция бор, аммо бунинг сабаби қаерда? Маош кам! Олти юз минг сўм ойликка ишлайдиган одам пул топишнинг бошқа йўлини қидириши турган гап. Муаммоларни бартараф этиш учун аввало ўша муаммоларни билиш керак.

Жамиятни «гастарбайтерлик» кайфиятидан қутқариш учун ҳам маданият керак. Вилоятларда ота-оналарнинг энг катта орзуларидан бири — боласи тезроқ паспорт олсаю, Россияга кетса. Боланинг ҳам орзуси шу. Муқаддас орзуси, деб айтса ҳам бўлади.

Биз маданият соҳасидаги ишларимиз билан халқимизнинг фикрлашини ўзгартиришимиз лозим», — деди Озодбек Назарбеков.

Йиғилиш давомида шунингдек театр, мусиқа ва бошқа соҳадаги муаммолар кўтарилди.


Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг