Озодбек Назарбеков Туркманистонда хизмат кўрсатган артист унвони билан мукофотланди
Бугун Tashkent City сайлгоҳининг амфитеатрида Туркманистон ва Ўзбекистон Республикаси санъат ва маданият соҳаси вакилларининг онлайн учрашуви бўлиб ўтди.
Унда Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедовнинг Ўзбекистон Республикаси Маданият вазири Озодбек Назарбековни Туркманистонда хизмат кўрсатган артист унвони билан тақдирланиши тўғрисидаги Фармони эълон қилинди ва расмий тарзда масофадан топширилди.
Туркманистоннинг ушбу юксак унвони билан Озодбек Назарбеков икки мамлакат халқлари ўртасидаги дўстлик, қардошлик, яқин қўшничилик муносабатларини мустаҳкамлашга қўшган улкан ҳиссаси, шунингдек, қўшиқ ва мусиқа санъатини ривожлантиришдаги хизматлари учун тақдирланди.
Эслатиб ўтамиз, Озодбек Назарбеков Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов даврида Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, Ўзбекистон халқ артисти, Қорақалпоғистон халқ артисти унвонлари билан тақдирланган.
Ўз ўрнида Маданият вазири Озодбек Назарбеков Туркманистон давлат раҳбарига чуқур миннатдорчилигини билдириб, икки давлат ўртасидаги дўстлик ришталарини мустаҳкамлашда санъат ва маданиятнинг роли нечоғли муҳим эканини таъкидлади.
«Икки давлат дўстлик алоқаларини мустаҳкамлаш йўлида камтарона қилган меҳнатимиз юқори даражада баҳоланганлиги учун Ҳурматли Гурбангули Мяликгулиевич, Сизга, қардош туркман халқига чин кўнгилдан миннатдорчилик билдираман. Ушбу фахрий унвоннинг берилиши халқларимиз ўртасида маданият соҳасидаги муносабатларни янада мустаҳкамлаш йўлида шижоат билан меҳнат қилишимизга куч беради», — деди О.Назарбеков.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter