Озодбек Назарбеков: «Миллий ғурурни кўтариб, мардикорчилик кайфиятини йўқотишимиз керак»
Маданият вазири Озодбек Назарбеков Султон Жалолиддин Мангуберди сериали суратга олиниши юзасидан тарихчи олимлар ва мутахассислар билан учрашди. Учрашув давомида вазир фильмни суратга олиш талаблари ва унинг вазифаси ҳақида фикр билдирди. Бу ҳақда Xabar.uz мухбири маълум қилди.
«Тарихий мавзу Ўзбекистонда анча вақт ёпиқ қолди, фильмлар суратга олинмади. Аммо кимдир иш бошлаганди ҳамки норозилар байроқ кўтариб чиқди. Турли танқидларни эшитмоқдамиз. Шунинг учун тарихчи олимлар билан учрашиб, гаплашиб, муҳокама қилиб олишни истадик.
Фильм суратга олишда тарихий фактлар билан бирга бадиийликка ҳам урғу бериш шарт. Мен бу гапни маркетолог сифатида айтмоқдаман. Маркетолог ким? «Шум бола» олмани бозорда ярим соатда сотиб бўлади-ку, ўша маркетолог. Биз ҳам олмани сотишни билишимиз керак.
Демак, маркетолог сифатида шуни айтмоқчиманки, агар биз Жалолиддин Мангуберди ҳақида фақат тарихий далиллар асосида фильм оладиган бўлсак, уни одамларга кўрсатишимиз қийин бўлади. Фақат шакл билан бўлиб, асосий мавзу четда қолиб кетади.
Биз Жалолиддин Мангубердини қаҳрамон сифатида кўрсатишимиз лозимки, ёшлар эргашиши мумкин бўлган идеални кўрсатайлик. Агар тарихий кийим бунақа бўлиши керак, ранги бундай бўлиши керак эди, десак, ўз муаммоларимизда ўралашиб қоламиз.
Мазмун қолиб, шаклга ёпишиш ҳолати кўп учрамоқда. Шу боис ҳам тарихчи олимларимизни чақирдикки, мана шу масалани гаплашиб олишимиз лозим.
Агар биз одамлар кўрадиган фильм олишни истайдиган бўлсак, бадиийликка урғу беришимиз лозим. Акс-ҳолда фильмимиз токчада чанг босиб қолиб кетади.
Яқинда Жалолиддин Мангуберди ҳақида изланишлар олиб борган мутахассислар билан баҳслашиб қолдим. Улар мендан фақат тарихийликни талаб қилишмоқда. Мен ўша инсондан сўрадим: «Сиз китобингизни қайси тилда ёзгансиз?» «Ўзбек тилида», — деб жавоб берди. «Қайси ўзбек тилида, ўн иккинчи аср тилидами?» «Йўқ, мен китобимни бугунги китобхон учун ёзганман», деган жавоб олдим. Энди мени айтар гапим шуки, биз ҳам бугунги томошабин учун кино олмоқчимиз.
Бугунги томошабин фильмни қабул қилиши жуда қийин. Шунинг учун бугуннинг талаби билан ишлаш керак. Балки эллик йилдан сўнг томошабин бизнинг фильмимизни кўрмас, чунки унинг ўз талаблари бўлади.
Ҳар бир даврнинг ўз реаллиги бор. Хонанда сифатида айтадиган бўлсак, агар Маъмуржон Узоқов ҳозир, худди ўша ҳолатида пайдо бўлса ва ижод қилса, тингловчи уни қабул қилмаслиги мумкин. Чунки ҳар бир даврнинг ўз талаби бор. Балки Маъмуржон Узоқовга ўхшаш хонандалар бордир орамизда ҳозир ҳам. Аммо танила олмаяпти. Чунки талаб бошқача.
Биз ҳам давр талабидан келиб чиқиб фильм ишлашимиз лозим.
Замон талабидаги фильмни суратга олиш учун бир кишининг қарори камлик қилади. Бу нарса фақат менга боғлиқ эмас. Қайсидир жойда операторнинг айтгани бўлади, қайсидир вазиятда эса сценарист ёки режиссер. Декорацияда ҳам гап катта.
Агарда биз дунё даражасидаги фильм суратга олишни истасак, бадиийликка эътибор беришимиз керак. Жалолиддин Мангуберди ҳақида ҳужжатли фильмлар ҳам, илмий ишлар ҳам интернетда етарлича. Аммо ундан фақат илм билан шуғулланаётганлар фойдалана олади.
Оммага етказиб беришда эса тарихий образларни бадиийлаштирмай иложимиз йўқ. Жалолиддин Мангуберди мавзуси жуда нозик, биз уни увол қилиб қўймаслигимиз керак.
Бизни ташқаридан ҳеч ким танқид қилмайди. Барча келишмовчилик ўз ичимизда. Мавзудан узоқда бўлганлар ҳам ҳозир гапирмоқда. Ўзбекистонда сценарийни фақат мен ўқиганман ва Бобохон Муҳаммад Шариф ўқиган. Аммо билмай туриб гапираётганлар кўп.
Ҳозир бизда миллат сифатида ўзимизга бўлган ишонч жуда сусайиб кетган. Таъбир жоиз бўлса, мардикорчилик кайфияти бор. Биз миллий ғуруримизни кўтариш учун ғояни кучайтиришимиз лозим. Ёшларимизнинг қаддини кўтаришимиз лозим», — дейди Озодбек Назарбеков.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter