Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Ўпкангизнинг ярми йўқми?»: отарчи бўлишни ор билган Ботир Зокиров ҳаётига чизгилар

«Ўпкангизнинг ярми йўқми?»: отарчи бўлишни ор билган Ботир Зокиров ҳаётига чизгилар

Ботир Зокиров кундалигининг илк саҳифасини шундай сўзлар билан бошлади: «Мен ўз кундалигимни ажойиб ёшлигимнинг энг бахтиёр кунларидан – болалигимнинг илк орзулари рўёбга чиққан кунидан бошлагим келади...

Ўша куни мен Тошкент Давлат консерваторияси вокал факультети тайёрлов бўлимига муваффақиятли имтиҳон топширдим. Ўша дақиқаларда мен саҳнада туриб ҳассос ва талабчан тингловчилар қаршисида кечирган чексиз ҳаяжонларим, изтиробларим куйлашим биланоқ тумандай тарқаб кетди.

Имтиҳонлардан сўнг ўқишга қабул қилинган «аълочи»лар қаторида менинг ҳам фамилиямни айтишганида дастлабки ҳаяжонларим бамисли қувончга айланди. Ўша кундан бошлаб мен мусиқа эҳроми – консерватория талабаси бўлдим, ўша кундан бошлаб севимли машғулотимнинг сарҳадсиз уммонига шўнғидим... 1952 йил 20 август».

Лекин унинг ҳаётига аллақачон шафқатсиз тамғасини босган хасталик барча орзуларига зомин бўлди. У консерваторияда ўқишини тугатолмади. Кейинчалик Тошкент Театр ва рассомлик санъати институтининг режиссёрлик факультетида, таниқли режиссёр Александр Гинзбург қўлида таҳсил ола бошлади. Лекин касаллик уни қўшиқдан заррача ажратолмади. Талабалик йилларида «Ёшлик» эстрада ансамблида қатнашарди. Тузалгач, яна ансамблга қайтди...

Бу йўл оғир, машаққатли ва изтиробларга тўла эди.

1958 йил «Ёшлик» ансамбли базасида Ўзбекистон Давлат эстрада оркестри тузилди. Оркестрни тузишда Ботир Зокиров актив қатнашди. Ака-сингил оркестрда солист бўлиб ишлай бошладилар.

Оркестр Ботир Зокиров ижодий йўлини қатъий белгилаб берди. Бу ўзбек мусиқа ва қўшиқчилиги тарихида очилмаган қўриқ – эстрада санъати эди. Барча соҳалар каби Ботир Зокиров танлаган эстрада йўли оғир, машаққатли ва изтиробларга тўла эди. Лекин у бундан асло чўчимади.

Биринчи бўлиш ҳамиша мушкулдир.

– Болам, соғлиғингга қарагин. Ўзингни асра, – дерди Шоҳиста опа ҳар куни Ботирни ишга кузатаркан. «Хўп, ойижон», дерди-да, оркестрга келиши билан ваъдасини унутарди…

У нафақат ўзини, балки бошқаларни ҳам касали ҳақида ўйлашига, гапиришга йўл қўймасди. Концертларини ҳаяжонланиб тинглайдиган минглаб қўшиқ мухлисларининг кўпчилиги унинг хасталигидан бехабар эди. Ботир касалликни яхши қўшиқ, самимий кулги ва кучли ирода билан енгарди.

Бир гал Томск шаҳрига гастролга борганида концертдан сўнг бир гуруҳ томошабинлар уни саволга тутиб: «Ўпкангизнинг ярми йўқми?» деб сўрашган эди. Бу савол унинг суяк-суякларигача зирқиратиб юборганди. Эй, одамзод! Қўшиқни тинглаб тинчгина кетавер. Саволинг нимаси? Шу-шу, томошабинларга рўбарў  келишдан чўчийди. Чўчийди эмас, уларнинг ноўрин саволларига юраги бардош беролмайди.

Кутилмаган савол унинг суяк-суякларигача зирқиратиб юборган.

1961 йил уни биринчи марта операция столига ётқизишди. У ўша кунларни кундалигига шундай қайд этган: «Операциядан кейинги тўртинчи кун. Яхши ва ёмон. Ёмон ва яхши. Ширин ва аччиқ. Азоб ва ёқимли... Доимо хонам тўла дўстлар. Яхши! «Албатта, ҳали ҳаммаси яхши бўлади, албатта!» дея билдирилаётган самимий тилаклар. Асло тоқат қилиб бўлмайдиган оғриқлар хуруж қилганда эса, илк бор саҳнага чиққан кунни хотирлаш кўнгилга таскин-тасалли беради».

У кўп марта адашди, қийналди, изланди, йўлидаги тўсиқларни енгиб, қайта-қайта куйлади, охири ўз қўшиғини топди. Лекин қанчалик куйиб-ёнмасин, кўзлари тўрт бўлиб ахтармасин, ҳали-ҳануз бахт юлдузиии учратгани йўқ. Тўғри, бир сафар Москвада концерт бераётганида уни залда томошабинлар орасида тасодифан кўриб қолди. Ўшанда гастролнинг охирги концерти эди. Кўриб қолди-ю, ўзини саҳнада бир зум йўқотди.

Унинг кўзларига юлдуздан бўлак ҳеч ким, ҳеч нарса кўринмасди. Юлдуз бўлса залнинг бешинчи қаторида ўтириб, сочлари елкаларида паришон, ўзини батамом унутган, фақат  хонанданинг мунгли қалб фарёдини тингларди. Хонанда эса ундан кўзларини узмай, фақат у учунгина ёниб куйларди:

Қайдасан, азизим, қаро кўзлигим,

Севгили юлдузим, ширин сўзлигим,

Қўлимда сенга деб қуйилган шароб

Кўзларим йўлингда, анор юзлигим...

Концертдан сўнг юлдузини излади. Тополмади... Бир неча марта унинг суратини чизишга уринди. Чизолмади. Яна қалбларни соғинчларга тўлдириб куйлади:

Қайдасан, азизим, қаро кўзлигим…

1964 йили Ботирни Кремль касалхонасида иккинчи марта операция столига ётқизишди. Азоб-уқубатларга тўла ўша оғир кунларни у кундалигига ёзиб борди. Бу мураккаб операция уни ҳаётга қайтарди. Ажал бу гал ҳам суюкли хонандани мухлислар қалбидан юлиб ололмади.

15 ЯНВАРЬ:

«Афсус! Операцияни жумага қолдиришди. Салом, яна бир кўнгилсизлик! Кечаги рентген сурати ёмон чиқибди. Қимирламай ётишимни қаттиқ тайинлашди. Қўшиқни ёзиш эса чиппакка чиқяпти. Тинимсиз машғулотлар ҳайф кетди. Мана, сенга қувонч учун мукофот.

Ўпкадаги кичик тешикча катта бўлиб қолибди. Бу сўнгги машғулотлар оқибати. Барибир янги қўшиқни ёзиб ололмаяпмиз. Бунга Икром ака эмас, мен айбдорман. Чунки биз бекорга ҳаяжонландик, хавотирландик. Қўшиқ ёзилмаса майли. Ахир мен нималарни  истамайман? Лаънати касал менга бўйсунмайди. Лекин уни ўз ихтиёрига қўймаслигим керак.

Оқшом  Икром ака келди. Менинг сиҳат-саломатлигимни кўриб хурсанд бўлди. Қўшиқ ёзишга йиғилган барча оркестр ижрочилари менга салом айтибди…»

16 ЯНВАРЬ:

«Эртагаям операция бўлмайди. Лев Константинович Богуш касал. Кейинги сешанбагача қимирламай ётиш керак.

Кечқурун Икром ака келиб, операцияга рози бўлма, деди. Чунки ўтган сешанбада ёнимда ётган беморни олти соат операция қилишди. У нобуд бўлди. Икром ака, отамни чақириш, маслаҳатлашиш керак, деди. Икром акага мени операция қилиш зарурлигини тушунтирдим.

Ира (Эркли Маликбоева) телефон қилди. Ҳаммаси жойида, яхши дедим.

Шарқ тарихини ўқияпман. Жуда кўп нарсаларни билмаслигим аён бўлди. Ўз тарихимизни ғурурланиб, фахрланиб ўқиб-ўрганишни бошладим. Қанча-қанча очилмаган тенгсиз хазиналар. Ўз маданиятимизни ҳали жуда юксакларга кўтаришимиз керак. Албатта кўтариш керак! Қандай қилиб? Ҳамма гап шунда.

Яна кўп нарсалар ҳақида фикр-мулоҳазалар юритишга ҳали имкониятим бор.

Бир нарсани англадим. Шу пайтгача олган билимларим ҳеч нарсага арзимас экан. Ҳаммасини имкон қадар қайтадан бошлаш керак...»

10 ФЕВРАЛЬ:

«Эрталаб кўнгилсизлик бўлди. Кўчада бир одамни машина уриб, ўлдириб кетибди. Бугун касалхонага келганимга икки ой бўлса, шу муддат ичида бу иккинчи воқеа.

Аҳволим яхши эмас. Кундузи ҳикоя ёздим. Эҳтимол бу менинг илк ҳикоямдир. Бу ҳикояни ичимдан тўқимадим. Ҳикоянинг номини «Кутиш» ё «Охунбобоев ҳайкали ёнида» деб аташ мумкин. Ҳикоя кўпгина яхши, очиқкўнгил, камтар танишларим ҳақида...»

15  ФЕВРАЛЬ:

«Худога шукр! Рентген яхши чиқибди. Операцияга ярайман. Ниҳоят эртага операция! Лекин улар аниғини айтишмаяпти. Чунки Богуш, операциядан фақатгина бир фоиз умид бор холос, деди.

Куни бўйи Эдуардас Межелайтиснинг «Инсон» китобини ўқидим. Китоб яхши безалган. Красаускаснинг гравюралари табиий. Поэмадаги кўп фикрлар менинг дардларимга ҳамоҳанг. Ўзим очган дунёни «кўриб», ўзим уялиб кетдим, Межелайтис менга руҳ бағишлади. Нега энди ўзимдан-ўзим уялишим керак?..

Бекор хурсанд бўлдим. Ҳароратим 37,8°. Бундай иситма билан операция қилмасликлари мумкин. Бари-бари жонга тегди!»

16  ФЕВРАЛЬ:

«Тонг оқарди. Кун ўтяпти. Шафқатсиз савол эса момақалдироқдек янграб турибди. Қанча ўй-хаёллару қанча ҳаяжонлардан сўнг! Нега ҳаяжонланяпман? Бугун бўлмаса, эртага бўлар, улгураман-ку... Эҳтимол, йўқ! Балки врачларнинг ўзлари чўчишаётгандир?

Соат 4.30. Дам олиш вақти тугади. Ниҳоят мени чақиришди. Уколга олиб кетишиб... сўнг... хайрият, аниқ бир қарорга келишди. Елкамдан тоғ ағдарилгандек бўлди.

Соат бешда операция столида ётардим. Тепамда ҳамшира Наталья Ивановна. У қўлларимни ушлаб олгану кўзларимга қарашга қўрқади. У ҳадеб Сергей Яковлевич Лемишевнинг томоғидаги рак туберкулёзни оцерация қилишгани ҳақида гапиради. У бошимни силаб ҳаяжонланяпти, нуқул «Молодец, Ботир», деб қайта-қайта пичирлайди.

Атрофимда жарроҳлар иш бошлашди. Гўё мен ҳам уларга қўшилиб ишлай бошладим. Ўн иккигача санадим. Кейин нима бўлганини билмайман. Бу ҳолат умрбод эсимдан чиқмайди.

Кейин врачлар айтиб беришди: «Операция ўта мураккаб, жиддий ва хавфли эди... Операциядан сўнг Богуш йиғлаб юборди...»

19 ФЕВРАЛЬ:

«Боксдан палатага ўтказишди. 10-палата. Тўрт кишимиз».

26 ФЕВРАЛЬ:

«Эрталабдан хушхабарлар: рентген яхши, уколлар бошқа қилинмайди. Ҳар қалай ваъда беришди-ку! Сайр қилиш мумкин. Тоза ҳавода. Фақат қирқ минут. О, баъзан нимадан озиқланаётганимизни унутиб қўямиз. Ахир баҳорнинг илиқ, салқин табиий ҳавосини хонадаги кислородга алмаштириш мумкинми?

Нафас олиш қандай бахт!..»

6 АПРЕЛЬ:

«Високий Горида бир юзу қирқ кун. Тамом! Соат бирдан бери озодликдаман!»

12 АПРЕЛЬ:

«Салом, Тошкент! Салом, ўғлим!

Тошкентни баҳор нафаси тутган. Ўрик гуллабди. Отам ҳар сафар мени ҳар хил ҳолатда кутиб олади. Назаримда у киши анча қартайиб қолибди. Онам эса ўша-ўша, шаддод ва чаққон.

Укаларим анча улғайибди. Жамшид – студент, хурсанд. Моцартдан чалади. Фарруҳга қўшилиб қўшиқ ҳам айтади. Навфал билан Фарруҳ гитарани ажабтовур чалишиб, яхшигина куйлашяпти. Онам Навфалга ажойиб қўшиқ ўргатибдилар...»

Ботир жони жаҳони бўлган қўшиқни соғинган эди. Қўшиққа бўлган буюк соғинч туйғуси бу гал ҳам қаттол жарроҳ қўлидан уни омон-эсон олиб чиқди. У ҳар бир янги қўшиқ устида узоқ машқ қилар, токи қўшиқ қалбини пўртанага келтирмагунча айтмасди. У билардики, хонанда юракдан ёниб куйламаса, тингловчи қалбини забт этолмайди. У ҳар бир янги қўшиқни  камида етти-саккиз вариантдан сўнг қиёмига етказарди.

Операциядан сўнг орадан икки йил ўтгач, биринчи марта гастролга яна Москвага борди. Концерт зўр ўтди. Бу ҳақиқий мўъжиза эди. Рўй берган мўъжизага хонанданинг ўзи ҳам ишонмасди…

Ботир ўша оқшом дам олишдан олдин Тошкентга телефон қилиб таъби бир оз хира бўлди. Саҳнадаги қувончидан асар ҳам қолмади. Республика маданият министрининг муовини яна янги репертуарни тасдиқламабди. Чунки яқин орада оркестр қардош Болгария, Венгрия, Чехословакия мамлакатлари бўйлаб гастролга бориши керак эди. Бир хаёли санъатни тушунмайдиган ўша калтабин муовинга телефон қилмоқчи бўлди. Лекин кўзи ожиз одамга нуқул кўрсан, дейишдан нима фойда?

У узоқ вақт ухлай олмади. Асабийлашди. Врачларнинг жуда қатъий тақиқлашига қарамай, ҳамроҳларидан яширинча секин айвонга чиқиб сигарета тутатди. Барибир алами босилмади. Кўз олдига Маразнинг жирканч башараси келаверди...

Ботир санъатни тушунмайдиган бундай маразнусха «чиновник»лардан безор бўлган эди. Улар нафақат эстрадани, балки миллий қўшиқ санъати ривожига ҳам кескин тўсқинлик қилишарди. Қизиқ! Сени ўзга шаҳарларда, ўзга юртларда роса эъзозлашса-ю, ўз юртингда қадр топмасанг. Ҳар қадамда изингни, сўзингни пойлашса, ҳаракатларингдан хато излашса, тўғри сўз учун таъқиб этишса... Бу аҳволда қандай қилиб на маданиятни, на санъатни ривожлантириб бўлади? У баъзи «санъаткор»лар каби катта-кичик раҳбарлар ҳузурига тез-тез кириб қуллуқ қилмас, бўлар-бўлмас хизматларини бажаравермас, тингловчилар номидан хатлар уюштирмас, унвону мукофотлар учун  елиб-югурмас, умуман, уларга ялиниб-ёлвормасди. Бундай «фазилатлар» унинг қонида йўқ эди.

Ботир Зокиров энг қийин пайтларда ҳам санъатдан йироқ раҳбарлар олдида бўйин эгмади. У инсон сифатида ҳам, санъаткор сифатида ҳам имонига, эътиқодига ҳамиша содиқ қолди. Бу хислатлар унга кўпроқ отасидан ўтган эди. «Ўғлим, тўғри бўл, ҳалол бўл. Шон-шуҳратга, мукофотга ҳирс қўйма. Санъатингни халқ эътироф этса бўлди», дерди ҳамиша отаси.

Бир куни унга республика марказий комитети фан ва маданият бўлимининг ўша даврдаги мудири телефон қилди.

– Кечқурун ҳукумат боғида меҳмонлар бўлади. Шунга битта концерт қўйиб берасизлар. Ўзингиз албатта бўлинг, – деб жиддий тайинлади.

У трубкани қўяр экан, «меҳмонлар» сўзини одатдагидек чет элдан меҳмонлар келган, шуларга концерт бериш керак, деб тушунди. У бундай концертларга ҳамиша пухта тайёрланиб, миллий санъатимизни чет  элликларга манзур қилишга иштиёқманд эди.

Оқшом бўлим мудири тайинлаган жойга боришса, ҳеч қандай меҳмон йўқ. Суриштириб билишса катталардан бирининг ўғли уйланаётган экан. Ўша катта тўйда шахсан Ботир Зокировнинг қўшиқ айтишини тайинлабди. Буни эшитиб хонанданинг фиғони фалакка чиқди. Бу ҳақоратдан бўлак нарса эмас! Ахир санъатни шунчалар оёқости қилиш мумкинми?

– Йиғиштиринглар! Кетдик! – деди у чолғучиларга овози титраб.

– Қаёққа?! – дея дағдаға билан бўлим мудири унга юзланди.

– Кечирасиз, ҳали отарчилик даражасига кўтарилганимизча йўқ! – деди Ботир аччиқ киноя билан.

– Қайтинг. Кейин пушаймон қиласиз.

– Отарчилик қилиб виждон қийналгандан кўра, минг марта пушаймон еган яхши, – деди у жаҳл билан машина эшигини ёпиб.

– Кўрамиз!..

«Кечирасиз, ҳали отарчилик даражасига кўтарилганимизча йўқ!»

Ҳа, катта-кичик идораларда, кабинетларда бирдек таҳлика билан айтилган «кўрамиз»лар бир умрга унинг соғлиғига, ижодига, энг муҳими, яхши қўшиқларига зомин бўлди. Унинг назарида шу сўз фақат ўзбеклар учун яратилган-у, кўрсатишни ҳам фақат ўзбекларга чиқаргандай. Ахир биргина шу совуқ сўз туфайли қанчадан-қанча тоза юраклар, ҳур фикрлар, ноёб талантлар маломатларга учрадилар, баъзилари бадном бўлдилар. Нимани кўрсатади? Манманлигиними, саводсизлигиними, зўравонлигиними?.. Қачонгача кўрсатади? Нега ҳануз-ҳануз айрим раҳбарларда зўравонлик, ҳокими мутлақ бўлиш, маънавий манманлик психологияси йўқолмаяпти? «Кўрамиз»лар дастидан миллий маданият ва санъатимиз аксарият оёқости қилиняпти. Бизда истеъдод билан фахрланиш, уни униб-ўсиши ва бошка халқларга кўз-кўз килиш туйғуси етишмайди. Шулар-ку, етишмас экан, одамни ўз ҳолига қўйишса бўларди.

«Нега шундай? Нима учун? Қачонгача?»

У вужудига қуюндай қуйилиб келаётган бундай саволларга жавоб тополмай қийналарди.

«Ўзимиз ўзлигимиз илдизини қирқсак, маданият ва санъатимнзни оёқости қилсак, ғуруримизни бемаъниларча топтасак, истеъдод бошида бюрократларча қилич яланғочлаб турсак қачон халқ бўламиз? Қачон қад ростлаймиз? Қачон?..»

Оилавий фотоальбомдан.

Бетизгин, бежавоб саволлар карвони аста-секин йўқолиб, вужудига беихтиёр янги шеър оқиб кела бошлади.  Қўлига қалам олиб, кундалигининг ёзилмаган саҳифаларини очди.

Бой берилди  жуда кўп  йиллар.

Жуда!
Узоқ яшадим мен, тун денгизида

Олис юлдузларнинг ёнишларидек –

Ёлқин топурманми энди ўзимдан!

Пешонамга юз йил яшаш битгандай!

Бу энсиз, бебошвоқ кўрликда мубҳам,

Гуллар очилишин бой бердим қандай,

Инсон табассуми, таваллудин ҳам

Ва боқиб энг сўнгги шуъла изидан,

Фасли хазон дарди ила сўйлайман:

«Мен энди ҳар кеча бепарво кезган

Шошган йўловчимасман», фақат ўйлайман.

Демак, гап бундоқ, ўз қўшиқларимда

Куйладим мен – соя ва акс-садони!

Қўшиқлар не ҳақда

Не бор дардимда?!

Одамларга айта олурман нени?»

…Халққа хизмат қилмоқ учун

Овозим ҳам, ўзим ҳам ярайман ҳали,

Куйламоқ бу – мен учун яшамоқ демак!

Бироқ бошқаларнинг илҳоми ила

Кўнгилхушлик қилмоқ менга керакмас!

Изламоқ ва яратмоқ истайман бу кун

Ўз санъатимни!..

Ашурали Жўраевнинг «Юрак бўронлари» ҳужжатли қиссасидан.

 

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг