Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Муҳаббат баҳори» фильмининг катта тақдимоти ўтказилди

«Муҳаббат баҳори» фильмининг катта тақдимоти ўтказилди

Бугун 27 май соат 18:00 да Киночилар уйида Кинематография агентлиги буюртмасига биноан суратга олинган режиссёр Иброҳим Расуловнинг «Муҳаббат баҳори» кинокартинасининг катта тақдимоти ўтказилди.

Фильмда икки ижодкор - Ўзбекистон халқ шоири Зулфия ва жамоат арбоби, таниқли шоир Ҳамид Олимжоннинг соф муҳаббати, ҳаёт йўллари, ижоди, айрилиқ, вафо, садоқат туйғулари ҳақида ҳикоя қилинади. Шунингдек, уларнинг соф муҳаббати, орзу ва армонлари, Ҳамид Олимжон вафотидан кейин Зулфияхонимнинг ички кечинмалари, умид ва шижоатга тўла ҳаёт йўли ўзига хос ракурсларда кўрсатиб берилган.

Кинокартинада Ҳамид Олимжон ва Зулфияхонимнинг болалик даври, ижодий фаолияти, асосан 1920-1944 йиллар воқеликлари акс эттирилган.

Сценарий муаллифлари Зулфия Қуролбой қизи ва Микойил Сулаймонов, постановкачи режиссёр Иброҳим Расулов, оператор Талъат Мансуров. Фильмда асосий ролларни Ҳамза Ҳасанов (Ҳамид Олимжон), Шаҳноза Ҳожимуродова (Зулфия), Шоҳида Исмоилова, Абдурайим Абдуваҳобов, Меҳриддин Раҳматов ва кўплаб вилоят театрларининг моҳир актёрлари ижро этишган.

«Ўзбекистоннинг икки буюк ижодкори, етук шахс ва жамоат арбоблари ҳақидаги мазкур «Муҳаббат баҳори» фильми суратга олинди. Унда уруш даври, руҳий ва маънавий қийинчиликлар ҳам ўз тасвирини топган. Ўйлайманки, бу фильм ёшларимизга манзур бўлади. Шунинг учун, 14 май куни Қашқадарё вилоятидаги «Маданият ва маърифат карвони» тадбирлари доирасида «Фильм қаҳрамонларидан ўрнак оламиз» номли умумтаълим мактаб ўқувчилари ўртасидаги иншолар танловида «Муҳаббат баҳори» фильми бўйича ўқувчилар иншолар ёзишганди», — дея алоҳида таъкидлади Кинематография агентлиги Бош директори Фирдавс Абдухолиқов.

«Фильм устида иш олиб бориш 3 йил давом этди. Бадиий кенгаш халқимиз учун манзур бўладиган кинокартина бўлиши учун ҳаракат қилди, сценарий кўп маротаба ишланди. Мана тайёр фильм бу Бадиий кенгашнинг ҳам улкан ютуғи, меҳнатларининг самараси. Ижодий жамоадан мана шундай ажойиб киноасарлар кутиб қоламиз», — деди Бадиий кенгаш котиби Феруза Нодирова.

Фильмнинг суратга олиш ишлари Тошкент, Самарқанд, Жиззах вилоятлари ҳамда Қўқон шаҳрида бўлиб ўтган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг