Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Митхун Чакраборти: «Янги Ўзбекистондаги бугунги ўзгаришлардан ҳайратдаман!»

Митхун Чакраборти: «Янги Ўзбекистондаги бугунги ўзгаришлардан ҳайратдаман!»

Тошкент халқаро кинофестивали доирасида Болливуд юлдузи Митхун Чакраборти ташриф буюрди. Куни кеча актёр журналистлар билан учрашиб, Янги Ўзбекистон ва ўзбек киноси тўғрисида ўз фикрлари билан ўртоқлашди.

— Сизни Ўзбекистонда кўрганимиздан хурсандмиз, олдин ҳам бу ерда бўлгансиз. Эндиликда қандай ўзгаришларни сездингиз? Нималар сизни ҳайратлантирди?

— Биринчи марта Тошкентга ҳамкорликда фильм ишлаганимизда келгандим, бир ой давомида бу ерда бўлгандик. Бугун Тошкентга келиб ҳайратимни беркита олмадим. Аэропортни ўзидаёқ улкан ўзгаришларни кўриб, худдики ўзимни Европани қайсидир шаҳрига келиб қолганимни ҳис қилдим.

Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасида азалдан яқин дўстона алоқалар бўлган ва бугун ҳам бу алоқалар нафақат кино ва сериаллар барча соҳаларда давом этиб келяпти. Айтишим мумкинки, Тошкентга келиб, Ўзбекистон янги тараққиёт босқичига чиқиб, янада ривожланиб чирой очганига гувоҳ бўлдим.

— Янги Ўзбекистонни уч сўз билан тасвирлаб бера оласизми?

— Ҳайратланарли, чиройли, меҳмондўст.

— Ўзбек фильмларини Марказий Осиёдаги роли ҳақида нима дея оласиз?

— Техник томондан янги босқичга кўтарилиш зарур. Ўзбек киноиндустрияси хорижий ҳамкорликни янада кучайтириши керак. Мен ўзбек фильмларини дунёга чиқишини хоҳлайман.

— Ўзбекистондаги севимли шаҳрингиз?

— Ўзбекистоннинг кўп жойларида бўлдим, аммо Тошкент мен учун ҳаммасидан севимли.

— Сизнингча, Тошкент халқаро кинофестивали орқали Янги Ўзбекистоннинг дунёга қандай имкониятлари намоён бўлади?

— Айни вақтда Тошкент Халқаро кинофестивалининг Ўзбекистонда ўтказилиши жудаям муҳим воқеа деб айта оламан. Кўплаб юлдузлар дунёнинг турли нуқталаридан ташриф буюради. Бу каби тадбирлар давлат обрўсини юксалтиради. Бу ерда бўлган ҳар бир юлдуз ўз хотиралари, таассуротлари, билан ўртоқлашади. Юлдузларнинг фикри албатта кўп одамларни эътиборсиз қолдирмайди.

— Ҳаётда сиз учун нима муҳим? Нимани йўқотишдан қўрқасиз?

— Мен кино актёрман, шу билан бирга тўрт фарзанднинг отасиман. Оила бошиман. Мен доимо севимли инсон бўлишни, керак бўлишни хоҳлайман ва шу меҳрни доимо беришга ҳаракат қиламан.

Оилам мен учун энг муҳими, уни йўқотишдан қўрқаман. Кино – ҳаётимнинг бир қисми. Учрашувларда сени оломон ўраб олади, дастхат сўрайди, яхши кўришларини айтади. Буям Яратган инъом этган бахт. Аммо оилам севгиси мен учун энг қадрли.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг