Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Диско раққоси»: қирқ йиллик афсона

«Диско раққоси»: қирқ йиллик афсона

80-йилларда экранларга чиққан «Диско раққоси» фильми шунчалик машҳур эдики, кинотеатр томошабинларга лиқ тўлар, жой етмаганидан, кино ихлосмандлари тик туриб ёки полда ўтириб, томоша қилишарди. Яна шунча киномухлис ташқарида қолиб кетган, кейинги сеансга чипта олиш учун навбатда турарди. Ур-йиқит авжига чиқиб, жанжаллашиб кетганлар қанча! Бу бежиз эмас, «Диско раққоси»даги воқеалар ўша замонда урф бўлган диско юлдузлари ҳаётини ёритган ва катта шуҳрат қозонган эди. Миллионлаб мухлислар орттирган, катта экранга ташна нигоҳларни қаратган мазкур фильм суратга олинганига 40 йил тўлди.

 Фильм ва ижодкорлар ҳақида

«Диско раққоси» – ҳиндларнинг машҳур фильми. У ҳозиргача ҳинд кинематографиясидаги классик киноасар ҳисобланади. Фильмдаги қўшиқлар айни пайтда ҳам турли миллат қўшиқчилари томонидан ижро этилади.

Режиссёр: Баббар Субхаш;

Продюсер: Баббар Субхаш, Тилотима Баббар;

Ролларда: Митхун Чакраборти, Ким Яшпал, Ражеш Кханна, Ом Пури, Ом Шивпури, Боб Кристо.

Бастакор: Баппи Лахири;

Фильм давомийлиги: 135 дақиқа;

Суратга олинган йил: 1982.

 Фильм воқеалари

Жимми бир бурда нон топиш учун кўча-кўйда Ражу тоғаси ёрдамида қўшиқ куйлайди. У ёлғиз онаси билан яшайди. Бир куни бой-бадавлат Оберой билан чиққан жанжал уларнинг ҳаётини ўзгартириб юборади. Оберой Жиммига туҳмат қилиб, уни ўғриликда айблайди. Натижада унинг онаси айбни бўйнига олиб, қамоқда ўтириб чиқади.

Одамлар она-болани ўғриликда айблаб, камситардилар. Жимми онаси билан қадрдон шаҳарни тарк этишга мажбур бўлади. У улғайгач, мусиқага бўлган муҳаббати ва тинимсиз меҳнати улкан шон-шуҳрат олиб келади.

Жимми ўз муҳаббати соҳибаси – Ритани учратади. Бу қиз унинг азалий душмани – Оберойнинг фарзанди эди. Бой ота жазавага тушиб, уларнинг муносабатига чек қўйишга, Жиммининг мавқеига путур етказишга ҳаракат қилади. Шоу-бизнесдаги қақшатқич курашлар бошланиб, Жиммининг онаси қурбон бўлади. Фильм ниҳоясида у рақибларидан қаттиқ ўч олади...

 Факт ва далиллар

Собиқ иттифоқ экранларига чиққан «Диско раққоси»ни 60,9 миллион томошабин кўрган.

Айрим мамлакатларда «Диско раққоси»ни намойиш этиш тақиқлаб қўйилган. Сабаби, фильм ўта кассабоп бўлиб, кинотеатрлар олдида тўполонлар бўлар, чипта етмай қолган одамлар жанжаллашарди.

Бош қаҳрамонлар Жимми ва Ританинг қўшиқлари мухлислар оғзидан тушмай қолган: «Ай эм э диско денсе» («Мен – диско раққосиман»), «Жими, Жими, Жими, ажа, ажа, ажа...» («Жими, бўла қол»).

Фильмнинг томошабинларни кучли жалб этгани, аввало, бош қаҳрамоннинг ўша пайтда энг оммалашган диско услубида куйлаши ва рақс тушишида эди. Аслида, «Диско раққоси» Ҳолливуднинг «Шанба оқшомидаги талваса» (бош ролда Жон Траволта) воқеаларидан илҳомланиб суратга олинган. Иккинчидан, «Диско раққоси»да жангари саҳналар ҳам бор.

 Митхун Чакраборти. Машҳурлик ва бойлик

Фильм бош роли ижрочиси Митхун Чакраборти 1950 йилнинг 16 июнида ғарбий Бангалорда оддий оилада туғилган. Отаси телефон компаниясида ишлар эди. Кейинроқ Митхуннинг уч синглиси дунёга келди.

60-йилларнинг охирларида Митхун сўл наксалитлар ҳаракатига қўшилди. Мазкур гуруҳ аъзолари ўз ғояларини қурол ёрдамида олға сурарди. Наксалитлар исёни ҳукумат томонидан шафқатсизларча бостирилиб, Митхуннинг сафдошлари панжара ортига тушди, айримлари қатл этилди. Ўғлини қутқариш мақсадида 1971 йили отаси уни тезда Бомбейга, амакисининг олдига юборди.

Митхун мактаб давридаёқ ҳаваскорлик театрига қатнаган, киноартист бўлишни орзу қилган. Ҳиндистон кинематографияси пойтахти – Бомбейга келгач, у орзулари сари яқинлашгандек бўлди.

Ёш Митхун косметик компаниялардан бирига буюртма тўпловчи сифатида ишга жойлашди. У атторлик молларини реклама қилар ва сотарди. Бир куни бўлажак юлдуз Бомбейдан 160 километр наридаги Пуна шаҳрида жойлашган кино институтининг актёрлик факультетига қабул бошлангани ҳақида эълонни ўқиб қолди.

Рисоладагидек ташқи кўриниши ва туғма истеъдоди унинг имтиҳонлардан ўтишига ёрдам берди. Таҳсил чоғида Митхун Дулал Гухнинг «Икки нотаниш» фильмида кичик роль ижро этди. Шундан сўнг «Шоҳона ов»да сентал қабиласининг оддий ва дўлвор овчиси ролида чиқди. 1976 йилда мазкур фильм киноэкранларга чиққач, миллий киноанжуманда «Олтин нилуфар» мукофотига сазовор бўлди, Митхун Чакраборти эса Ҳиндистоннинг энг яхши актёри деб топилди. Аммо шунга қарамай, продюсер ва режиссёрлар уни фильмига таклиф қилишга шошилмадилар. 1977 йилда унинг иштирокида биттагина фильм экранларга чиқди. Шу боис, ёш актёр ўткинчи, экранлардан тезда тушадиган, шон-шуҳрат келтирмайдиган фильмларда суратга тушишга мажбур бўлди.

1982 йилда «Диско раққоси»га таклиф қилинди ва мазкур фильм уни дунёга танитди. Чакрабортига кинога таклифлар дўлдек ёғилди. У бойлик, шон-шуҳратга бурканди. 1986 йили Митхун Чакраборти Ҳиндистондаги энг кўп солиқ тўлайдиган жисмоний шахс деб топилди. У кинодан ташқари меҳмонхона индустрияси билан шуғулланиб, бизнесни ҳам муваффақиятли олиб борди.

1999 йилда Митхун Чакраборти энг кўп бош ролни ижро этган актёр сифатида рекордлар китобига киритилди. Унинг иштирокидаги жами фильмлар сони эса 400 га яқин.

Митхун Чакраборти Ўзбекистонга бир неча марта ташриф буюрган. Ўзбек ва ҳинд киноусталари томонидан суратга олинган «Овчи» фильмида қатнашган. Кинофестивалга ҳам келган. Шерқўзи Ғозиев айтишича, Митхун Чакраборти ўзининг 40 ёшлик таваллудини юртимизда нишонлаган.

40 ёшини ўзбек чопонини кийиб нишонлаган Митхун Чакраборти.

Бошқа актёрлар ҳаёти

 Фильмда Жиммининг севгилиси Рита ролини ўйнаган актриса Ким Яшпал бор-йўғи 26 та фильмда роль ижро этган. Бугун у 62 ёшда.

Жиммининг онаси ролини талқин қилган актриса Гита Сиддхарт 2019 йил 14 декабрда вафот этган.

Жиммини катта саҳнага олиб чиққан Дэвид Браун роли ижрочиси Ом Пури – марҳум актёр Амриш Пурининг амакиваччаси. У 2017 йил 6 январда 66 ёшида ҳаётдан кўз юмган.

Бош қаҳрамоннинг душмани Оберой роли ижрочиси Ом Шивпури кўплаб фильмларда қатнашган. У 1990 йил 15 октябрда юрак хуружи туфайли 52 ёшда вафот этган.

Яна бир салбий қаҳрамон Хангани Боб Кристо ўйнаган. Ҳақиқий исм-шарифи – Кристофайдис Алиас. Келиб чиқиши грек бўлган Боб Кристо 1938 йили Австралияда туғилган.

Бомбейга ҳинд актрисаси Парвин Баби билан танишиш мақсадида келган. Ҳинд киносида 200 га яқин роллар ўйнаган. 2003 йилда кинода суратга тушишни тўхтатиб, Бангалорда йога инструктори сифатида ишлаган. Умрининг охирги йилларида немис компаниясининг Ҳиндистондаги бўлимида фаолият кўрсатган. 2011 йил 20 мартда вафот этган.

Акбар Фатҳуллаев

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг