Марҳамат қилиб, навбатга туринг!
Мен 2017 йилнинг ёзида Остона шаҳрига бориб келдим. Боришда ҳам, қайтишда ҳам Киев шаҳри орқали учдик ва аэропортда терминални алмаштириш учун навбатда туришимизга тўғри келди. Одам кўп. Мен одатимга кўра олдин сўраб, кейин навбатга турдим.
Бироздан кейин қарасам украиналик сайёҳлар бири у ёқдан, бири бу ёқдан келиб навбатда турганларнинг орасига суқулиб киришга ҳаракат қилмоқдалар. Суқулмаганлари ҳам навбатнинг қатори қолиб ярим метр ўнгга ёки чапга туриб олиб, уларнинг орқаларида одамлар тизилиб, қаторларнинг сони уч-тўртта бўлиб, тартибсизлик юзага келишига сабабчи бўлмоқда.
Ўзи азалдан тартибсизлик ва адолатсизликни ёмон кўраман. Шу сабабдан навбатга суқулганлар ва қаторларни бузганларни тартибга чақирдим. Шунда орага суқулган иккита украиналик эркак худди улар ҳақдай менга эътироз билдиришди:
— Дўстим, бу ер Украина. Бу ерда навбатга шундай турилади...
— Нима, Украинада маданият, тартиб ва ўзгаларга ҳурмат деган нарсалар йўқми?
— Нимага йўқ бўларкан? Бор албатта. Бунинг устига фақат биздагина бундай эмас. Мен яқинда Грузияда бир ой яшаб келдим. Уларда ҳам одамлар навбатга худди мана шундай турар эканлар.
— Грузияда ҳам навбатга нотўғри турадиган бўлса, бу навбатга нотўғри туриш керак дегани эмас-ку. Сиз ҳозир «Грузияда ҳам маданият, тартиб йўқ» деб айтмоқдасиз.
— Украинада маданият бор. Сенга керакми шу навбат? Олақол навбатни.
— Мен сиздан марҳамат сўрамаяпман. Мен ўз навбатимда турибман. Сиз эса маданиятли одамлар каби ўз навбатингизда туринг. Чунки мен сизни барибир олдинга ўтказмайман...
— Мана, турдим навбатга. Энди кўнглинг жойига тушдими?
— Ҳа, жойига тушди. Раҳмат!..
...Бир йили Париждан Тошкентга Санкт-Петербург орқали учишга тўғри келди. Санкт-Петербурггача яхши учиб бордик. Унгача ҳаммаси жойида эди. Тошкентга учишда эса самолётга асосан ватандошларимиз чиқишди. Юртимизни, ватандошларимизни соғинганим учун уларни кўриб, кўзларим қувнаб кетди. Соғинч асносида уларнинг самолётга пала-партиш, тартибсиз чиқишларига ҳам унча эътибор қилмадим. Лекин самолётга чиққач, ватандошларимизнинг стюардессаларга муомаласини ва стюардессаларнинг шунга яраша жавобларини кўриб, ўзимни ноқулай ҳис қила бошладим.
Ёнимда менинг ҳайратимни кузатиб ўтирган андижонлик ака менга: «Ука, хижолат бўлманг, бу Россия-Ўзбекистон рейсларидаги одатий ҳол. Самолёт қўнганда нима бўлишини кўрасиз ҳали», — деб қўйди. Мен «Самолёт қўнганда нима бўлар экан?» деб ўйлаган эдим. Кейинчалик буни ҳам билиб олдим.
Хуллас, самолёт Тошкент халқаро аэропортига қўниши билан, ҳали юраётган самолётда ватандошларимиз ўринларидан туриб олиб, тепада турган юкларини тапир-тупур пастга қўя бошладилар. 10 сония ичида шундай тартибсизлик юзага келдики, стюардессаларнинг микрофон орқали «Ҳурматли йўловчилар, илтимос, самолёт тўхтамагунча ўрнингиздан турманг, ўриндиқларга ўтириб, камарингизни тақиб олинг» деб қайта-қайта такрорлашининг фойдаси бўлмади. Мен эса «самолётдан 5 дақиқа олдин чиқмаса бўлмайдиган» ватандошларимнинг барчасини чиқариб юбориб, улардан кейин шошмасдан чиқдим. Чунки мен ватанимизнинг жамолини шунча кутган одам сифатида яна беш дақиқа кута олишимга ишончим комил эди...
Ҳозирга қадар бир неча бор ОВИР олишимга тўғри келган ва келажакда ҳали яна кўп тўғри келса керак. ОВИР учун ҳужжатларни топшириш ва уни олгунча кечадиган оворагарчиликлар ва ОВИРни кутишга кетадиган узоқ муддатдан ҳам кўра ҳужжат топшириш дарчаси олдидаги навбат мен учун энг ёқимсиз ҳолат ҳисобланади. Тўғри, бор-йўғи битта дарча ишлаётгани сабабли у ерда навбат ҳар доим катта, лекин навбатнинг катталиги эмас, балки одамларимизнинг навбатда туриш «маданияти» таъбимни хира қилади.
Аввало у ердаги навбатни навбатсизлик деб атасак тўғрироқ бўлади. Дарча олдида катта зал турибди. У ерда «илон изи» шаклида навбат қилинадиган бўлса бемалол 10-15 метрлик «илон» ясаса бўладиган жой бор. Лекин одамлар битта дарчанинг атрофини «ярим ой» шаклида ўраб олиб, бир-бирларини итариб, босиб, янчиб бор кучи билан дарчага қараб интиладилар. У ерда аёл, эркак, қари, ёш деган гап йўқ.
Мен у ерга бориб одатимга кўра навбатга туриш учун «Охири ким?» деб сўрасам менга «Бу ерда ҳамма биринчи» деб жавоб бердилар. Навбатга туриб бўлмагач, навбатнинг келишини ҳам билиб бўлмайди. Битта йўли одамларга ўхшаб «ким зўр бўлса, ўшанинг навбати» қабилида олдинга интилиш бўлади. Мен ҳали «Мени фалончи ака юборди» деб келиб навбатсиз ўтадиганларни айтмаяпман. Хуллас, ҳар сафар имкон қадар маданиятлироқ йўллар билан ҳужжатларимни топширишга ва паспортимни олишга ҳаракат қиламан. Тўғрисини айтишим керак, ҳаракатларим ҳар доим ҳам самара беравермайди. Баъзан навбатимни келтириб олиш учун «жангга киришимга» тўғри келган пайтлар ҳам бўлган.
Энг ачинарлиси, ОВИРдаги бу ҳолат Ўзбекистонда ягона ҳолат эмас. Шундай пайтларда «Бу ер Украина» деган украинларга «Сен Ўзбекистонда навбатга туриб кўрмаган экансан» деб юборгинг келади...
Бир пайтлар менга бир воқеани айтиб берган эдилар. Собиқ совет даврида Ўзбекистондаги қайсидир аэропортда одамлар навбатда турмасдан бир-бирларини босиб, самолётга чиқадиган трапни йиқитиб юборган экан. Шундан кейин руслар ва чет эллик меҳмонларнинг олдида уялтирмасликлари учун ўзбекларга алоҳида навбатлар ташкил қилинган эмиш. Энг қизиғи, шундан кейин ҳам «бошқа миллатлар»нинг навбатлари тартибли, ўзбекларнинг навбатлари эса бетартиб бўлишда давом этаверган экан…
Бир қарашда навбат оддий, арзимас нарсадай туюлади. Лекин чуқурроқ таҳлил қилинадиган бўлса, навбат инсон психологияси ва ҳаёт тарзидаги кўп нарсаларни англаб етишга ёрдам беради. Навбатни тахминан қўйидагича таърифлаш мумкин:
- Навбат — онглилик, яъни инсонийлик белгисидир. Масалан, ҳайвонлар ўйлаб, фаросатини ишлатиб, навбатга тура олмайди. Уларда бунинг учун онг етишмайди.
- Навбат — маданият белгиси. Онг дунёдаги барча инсонларда бор. Лекин ҳамма ҳам ўзининг бу қобилиятини ишлатавермайди. Навбатнинг фойдасини англаб етиш ва уни татбиқ эта олиш учун инсоннинг маданият даражаси етарлича бўлиши керак.
- Навбат — тарбия ва ҳурмат белгиси. Болаликдан «ўзингдан каттага жой бер», «каттага ҳурматда, кичикка иззатда бўл» деб ўргатилади. Шу ва шунга ўхшаш одатлар инсонларнинг жамиятда биргаликда, ўзаро уйғунликда яшашига имкон яратади. Навбат одоби ҳам инсонларга айнан тарбия орқали берилади. Шу сабабли навбатларда жисмонан ожиз инсонларга — болали оналар, кексалар ва ногиронларга йўл берадилар. Бу тоифага кирмайдиган инсонлар эса ўзаро ҳурмат ва интизом асосида навбатга турадилар.
- Навбат — инсоннинг худбин ёки худбин эмаслигини кўрсатувчи ойна. Навбатда олдинга ўтиб кетишга интилиш ва бошқаларнинг манфаатларидан ўзиникини устун қўйиш истаги инсоннинг худбинлигини намоён этади. Худбинлик ривожланиб, мураккаблашиб борган сари порахўрлик, таниш-билишчилик, ўғрилик, бахиллик, ҳасад ва ҳоказо кўринишларга кириб бораверади. Яъни навбатда ўзгаларнинг устидан босиб ўтиб кетишга қодир бўлган одамлар бундан-да муҳимрок вазиятларда ўзгаларни янчиб, оғир аҳволда қолдириб кетишга қодир бўлади.
Демак, кимда-ким оддийгина навбатда туриш одобини билмайдиган ёки унга амал қилмайдиган бўлса, у инсонни бемалол ўз онгини ишлатмайдиган (инсон онгини ишлатгандагина ҳайвондан фарқланади), маданиятсиз, тарбиясиз ва худбин инсон деб аташ мумкин. Ота-боболаримиз қачонлардир ўзгаларга маданиятни, илм-фанни, одоб ва ахлоқни ўргатганлар. Бизнинг давримизга келиб, биз ўзбеклар навбатга тўғри туришни ҳам эплай олмаётганлигимиз улкан фожиадир.
Агар ота-боболаримизга муносиб авлодлар бўлишни ва бир кун келиб юртимизда порахўрлик, таниш-билишлик, пул бериб бировларнинг ўрнига ўқишга, ишга кириш каби иллатлар йўқ бўлиб кетишини хоҳласак, ўзимизни ислоҳ қилишни ҳозирданоқ навбатга тўғри туришдан бошлашимиз керак. Шунда бора-бора бошқалар ҳам ўзимизга ўхшаган инсон эканлигини, уларнинг ҳам ташвиш ва муаммолари бўлиши мумкинлигини, пора билан ишимизни битказиб, бировларнинг болаларини бахтсиз қиладиган бўлсак, бир кун келиб кимлардир бизнинг болаларимизни ҳам бахтсиз қилиши мумкинлигини ҳис қиладиган бўламиз.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter