Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Маданият вазирлиги Юлдуз Усмоновага танбеҳ берди

Маданият вазирлиги Юлдуз Усмоновага танбеҳ берди

Юлдуз Усмонова Ички ишлар органлари ходимларини танқид қилгани тасвирланган видео ижтимоий тармоқларда тарқалиб кетган эди. Маданият вазирлиги ушбу ҳолат юзасидан санъаткорга мурожаат қилди.

«Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ушбу видеолавҳага эътироз билдиради. Юртимизга келган синов пайтида Юлдуз Усмонова томонидан билдирилган фикрлар ноўриндир, шунингдек, санъаткорнинг хабари бўлмаса керак, икки ой давомида ўз оиласи билан кўриша олмаётган ва уйига бормаётган Ички ишлар органлари ходимлари ижтимоий тармоқларда нолишаётгани йўқ. Чунки, улар халқнинг тинчлиги йўлида кунни кун, тунни тун демай меҳнат қилишяпти.

Бир ишнинг ортидан милиция ходимларини айблаш нотўғри.

Ҳурматли Юлдуз Усмонова, аввалроқ ОАВ орқали милиция ходимларига миннатдорлик билдирганингизни эсласангиз керак. Энди, бир аччиқ гап устидан уларга билдирган нафратингиз нимадан далолат? Майли, аччиқ устида айтилибди, аммо видеони ижтимоий тармоққа чиқариш нимаси?

Бугун мамлакатимизда барча — Ички ишлар, Миллий гвардия, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ходимлари, шифокорлар бирдек иш олиб боряпти. Бу заҳматкаш меҳнатни ҳеч нарса билан тенглаштириб бўлмайди.

Юртимизда тинчлик ва осойишталикни таъминлаб бераётган Ички ишлар, Миллий гвардия, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ходимлари ҳамда шифокорларга Маданият вазирлиги ўз миннатдорлигини билдиради», — дейилади вазирлик хабарида.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг