Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Маданият вазирлиги нега ёш режиссёрлар йўлига ғов бўлмоқда?

Маданият вазирлиги нега ёш режиссёрлар йўлига ғов бўлмоқда?

Икки ўзбек режиссёри Ботир Абдураҳмонов ҳамда Абдуазим Илҳомов олган «Мама» фильми Венециядаги халқаро кинофестивалда гран-прига муносиб топилгани, бироқ улар тақдирлаш маросимига бора олмаганлиги тўғрисида хабарлар тарқалганди. Афсуски, бу иқтидорли ёш режиссёрлар халқаро танловларга шахсан бора олмаётган ягона ҳолат эмас. Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтининг яна бир талабаси Шокир Холиқов «Бизни тушунишмайди» фильми билан бир эмас, еттита халқаро кинофестивалга таклиф қилинди. Аммо бирортасига бора олмади.

— «Best secоnds» халқаро кинофестивали(Швецария, Цюрих)га фильмимни юборганимда улардан мана бу жавобни олдим, — дея хатни таржима қила кетди Шокир Холиқов. — «Сизнинг «Бизни тушунишмайди» фильмингиз талабларимизга тўғри келмаслигини маълум қиламиз. Шунга қарамасдан, сиз яратган фильм юрагимиздан жой олди ва бизга жуда ёққанлиги сабабли янги — «Қисқа бадиий фильм» номли категорияни қўшдик ва фильмингизни жойлаштирдик». Бу мактубни олганимга ҳам 4 ой бўлди, тақдирлаш маросими 26 майда бўлиб ўтади. Институтимизнинг Халқаро алоқалар бўлимига мурожаат қилдим. Мазкур бўлимдагилар Ўзбекистон маданият вазирлигига хат юбориши лозимлиги ва вазирликнинг рухсати билангина талабаларни хориж фестивалларига юбориш мумкинлигини тушунтиришди. Мана, орадан шунча вақт ўтди, аммо ҳали икки энлик хат тайёр бўлгани йўқ. «Мама» картинаси режиссёрларининг интервьюларидан кейин Халқаро алоқалар бўлимидагилар яна жонлангандек бўлди. Бироқ менинг масалам қайта кўрилаётганига 12 кун ўтдики, битта хатни вазирликка юборишгани йўқ...

Вазирликка икки энлик хатни юбормаётган институт мутасаддилари билан боғланишга уриниб кўрдик. Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти Халқаро алоқалар бўлими методисти Зилола Эргашева бу ҳолатни қуйидагича изоҳлади:

— Вазирликка хатни юборишимиз чўзилиб кетишига баъзи сабаблар бор. Аввало ҳамма проректорлар унга имзо чекиши керак. Уларнинг бири хизмат сафарида, бошқаси бу масаланинг молиявий томонларини ҳисоб-китоб қилиши керак эди. Лекин мана бугун (13 апрель) ушбу хатни вазирликка юбордик. Энди рухсат бериш тўғрисида жавоб олсак, институтимиз ўз маблағи ҳисобидан талабамизнинг йўл харажатларини қоплаши керак бўлади.

«Дипломни почтадан олдим»

Шокир Холиқов:

— Тўғриси, аллақачон ҳафсалам пир бўлган. Чунки бу фильмим билан еттита халқаро кинотанловда иштирок этиб, таклифнома олдим. Аммо ўзимизда ўтказилган «PROlogue» фестивали(«Томошабин меҳрини қозонган энг яхши фильм» номинацияси ғолиби)дан бошқа бирортасининг тақдирлаш маросимида қатнаша олмадим. Масалан, Тожикистондаги «Навсоз» халқаро кинофестивалида йўл харажатларини ўзим қоплайман дейишимга қарамай, имкони бўлмади. «Ўзбеккино»дагилар виза олишимга ёрдам беришганда ҳам кетишимнинг иложи бўлмади.

Нега дейсизми? Маданият вазирлиги «бизни бир ой олдин хабардор қилишингиз керак эди» деган важни рўкач қилишди. Таклифнома менга бир ой аввал келмаган бўлса, қандай қилиб мурожаат қилишим мумкин?! Ҳатто Москвада бўлиб ўтган халқаро кинофестивалга бориш учун бир ой олдин рухсат сўраган бўлсам ҳам вазирликдан рад жавобини олдим. Тантанали маросимда мени ўзимсиз тақдирлашди. Дипломни почтадан олдим. Санкт-Петербургда ўтказилган кинофестивалдан таклифнома келганда эса ҳеч кимга айтмадим ҳам. Чунки биламан, менга ҳеч ким ёрдам бермайди. Мана ҳозир ҳам Швейцарияга боришимга мутлақо кўзим етмаяпти. Туркияда 8-13 июнда бўладиган кинофестивалга ҳам таклифнома олганман, аммо унга ҳам боролмаслигим аниқ... 

Ёш режиссёрнинг йўлини тўсишга, уни умидсизликка туширишга кимнинг ҳаққи бор? Бугун илк ижодий ишлари билан халқаро кинотанловларда бирин-кетин тан олинаётган режиссёр эртага катта-катта фильмлари билан бутун дунёни лол қолдирмайди деб ким айта олади? Лекин ўз юртида эътибор ва кўмак топмаган бу каби ёшлар эртага бошқа давлатларга чиқиб кетмаслигига ким кафолат беради? Президент чет элдаги ватандошларимизни қайтариш пайида бўлган бир пайтда нега биз бугун ўзимизда камол топаётган истеъдодларни сақлаб қололмаяпмиз? Хўш, Маданият вазирлиги қандай сабаб билан ёш режиссёрларнинг халқаро кинофестивалларга боришига қаршилик кўрсатмоқда? Саволимизга жавоб олиш мақсадида вазирлик мутасаддиларига қўнғироқ қилдик. 

Жамшидбек Ниязбеков, Ўзбекистон маданият вазирлиги Ижодкор ёшлар билан ишлаш ва оммавий маданий тадбирларни ташкил этиш бошқармаси бошлиғи:

— Мавжуд ҳолатни ҳар томонлама таҳлил қилиш керак. Масалан, ушбу фестивалга бориш талабанинг ўқув жараёни ва дарсларни ўзлаштиришига салбий таъсир кўрсатмаслиги инобатга олинади. Шунингдек, бу масала тегишли давлат органлари билан ўрнатилган тартибда кўриб чиқилганда «фуқаронинг шу фестивалга бориши мақсадга мувофиқ эмас» деб топилган бўлиши ҳам мумкин. Қолаверса, халқаро кинофестивалнинг даражасига, у ўтказилаётган мамлакатда маданиятимиз ва санъатимизни бемалол намоён этишга тўсқинлик қилувчи омиллар бўлмаслигига аҳамият берилади. Шокир Холиқов истеъдодли ёшларимизда бўлса-да, ҳали талаба бўлганлиги учун унинг мурожаати Таълим муассасалари ва тармоқларни методик таъминлаш бошқармасига йўналтирилган. 

Бу жавобдан кейин биз суҳбатдошимиз айтиб ўтган бошқарма билан боғландик.

Жумақул Шомуродов, Ўзбекистон маданият вазирлиги Таълим муассасалари ва тармоқларни методик таъминлаш бошқармаси бошлиғи:

— Бу талаба бирорта халқаро кинофестивалга боролмаяпти дейсизми? Бўлиши мумкин эмас. Ёшларимиз ўзбек санъатини дунёга намоён қилишидан биз ҳам манфаатдормиз, фахрланамиз. Вазирлигимиздан унга рад жавоби берилган бўлса, демак, бунга қандайдир асос бор. Яхшиси, у йигитнинг ўзи менга учрашсин ва масалани батафсил муҳокама қилиб олайлик. 

Қабулига чорлаган бошлиқ ҳафсалани пир қилди!

Бу жавобдан сўнг Шокир Холиқов мазкур мутасадди қабулига ҳам борди. Аммо бошқарма бошлиғининг муносабати биз кутганчалик бўлмади. У «сизга ўхшаган ёшлар жуда кўп, институтингиз бизга хат билан чиқсин» дея гапни қисқа қилди.

— Одамлар ўзбек режиссёрлари нега жаҳонга чиқмайди, дунё режиссёрлари билан тенглаша олмайди дейди. Улар билан тенглашиш учун биз ҳеч бўлмаганда шунақа фестивалларга боришимиз керакми ахир? Тажриба орттиришимиз, дунё кўришимиз керакми? Билмадим, барча ҳаракатларимиз бесамар бўлса керак... — дейди режиссёр суҳбатимиз якунида.

Шоҳсанам Ниёзова

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг