Кутубхоналар иш вақти узайтирилиши режалаштириляпти
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида «Central Asia–2019: Фан, таълим, маданият ва бизнесда интернет ва ахборот-кутубхона ресурслари» XIII Халқаро анжумани доирасида матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси раҳбар ва мутахассислари, ҳамкор давлат ташкилотлари вакиллари ҳамда ОАВ ходимлари иштирок этган ушбу тадбирда республикамиздаги ахборот-кутубхона муассасаларининг бугунги ҳолати, мавжуд муаммолар, соҳага оид меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларнинг ижроси ва халқаро тажрибалар ҳақида сўз борди. Тадбирда 24-26 апрель кунлари Урганч шаҳрида бўлиб ўтадиган Халқаро анжуманнинг аҳамияти ҳақида тўхталиб ўтилди.
Мулоқот давомида қишлоқ аҳолисининг барча қатламларини кутубхона хизмати билан қамраб олиш, узоқ ҳудудларда истиқомат қиладиган аҳоли учун кўчма кутубхоналар ташкил этиш, ҳужжатларни электрон етказиб бериш, ахборот-кутубхона ресурсларидан масофадан туриб фойдаланишни ривожлантириш каби масалалар муҳокама қилинди. Якка ва гуруҳли ҳамда оммавий китобхонликни тизимли равишда ташкил қилиш, фойдаланувчилар ўртасида мутолаа маданиятини ошириш мавзуларида маърузалар тингланди. Шунингдек, ахборот-кутубхона муассасалари ва мутахассисларининг имижини яхшилаш юзасидан таклифлар билдирилди. Ҳар бир маҳалла, ҳар бир қишлоқ ва туман марказларида кутубхоналар ташкиллаштириш қарор лойиҳаси ишлаб чиқилганига алоҳида урғу берилди.
«Бу эса яна китобхонларнинг истаган пайти кутубхоналарга бориш ва аъзо бўлиш имкониятларини кенгайтиради, — деди Миллий кутубхона директори Умида Тешабоева. — Қолаверса, бундай масканларда кутубхона иш вақтини чўзиш бўйича мурожаатлар ҳам ўрганиб чиқилмоқда. 100 йиллик тарихга эга бўлган «Турон» кутубхонамиз ҳам кечаси соат 22:00 гача ишлагани ҳақида маълумотлар бор. Бугунги кунда хорижий мамлакатларда 24 соат давомида ишлайдиган кутубхоналарда соат 00:00 дан кейин навбатчилар, мутахассислар қолади. Чунки уларнинг ишлари тўлиқ электрон шаклга ўтиб бўлган. Бизнинг кутубхонамиз аввал Вазирлар Маҳкамасига қарашли эди, 2017 йилдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигига ўтди. Раҳбарият билан биргаликда кутубхона иш вақтини 23:00 га қадар узайтириш кўриб чиқилаяпти. Кечки вақт ишлайдиган ходимларга амалдаги қонунчилик бўйича иш ҳақи тўлаш масаласи ўрганилмоқда. Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси соат 23:00 га қадар ишлаши учун фондни сақлаш, хизмат кўрсатиш каби бўлимларда 36 та қўшимча иш ўрни яратилиши талаб этилар экан. Бу масалалар устида ҳозир иш олиб борилмоқда. Мазкур тажриба самара берса, бошқа кутубхоналарга ҳам татбиқ қилинади».
«Халқаро анжуман моҳияти Президентимиз Шавкат Мирзиёев илгари сурган беш ташаббуснинг тўртинчисига, яъни аҳоли, айниқса, ёшлар маънавиятини юксалтириш, улар ўртасида китобхонликни кенг тарғиб қилиш ғоясига ҳамоҳангдир, — деди Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги Китоб савдоси ва ахборот-кутубхона ресурслари бўлими раҳбари В.Ҳамидов. — Фан, таълим, маданият, бизнес соҳаларида электрон ахборот ресурсларни қўллаш ва бунда ахборот-кутубхона муассасалари, ўқув юртлари, архивлар, музейлар ҳамда бошқа ташкилотларнинг ҳамкорлигини кенгайтириш лозим. Шу нуқтаи назардан, кутубхоналар ишининг муаммолари, уларнинг инновацион ривожланиш йўлларини излаш бугунги кунда долзарб аҳамият касб этади».
Тошкент шаҳар «Билим» ахборот-кутубхона маркази директори Ҳ.Каримова, Ўзбекистон Фанлар академияси фундаментал кутубхонаси директори З.Бердиева 400 дан зиёд мутахассис қатнашадиган ушбу халқаро тадбирнинг тажриба алмашиш учун катта майдон бўлиши, республика миқёсида соҳа ривожига амалий таъсир кўрсатишини эътироф этди.
Матбуот анжуманида қатнашган Қозоғистон Миллий кутубхонаси Нодир китоблар ва қўлёзмалар хизмати раҳбари Толкин Замзаева кутубхоналаримиз, юртимиз ҳақида ўз фикрлари билан ўртоқлашди.
АҚШнинг Орегон штати Портленд шаҳри кутубхона жамғармаси ижрочи директори Меррис Сумралл эса шундай деди: «Ўқитувчи болаларга билим беради, кутубхоначи эса китобни севишни, китоблар орқали ҳаётга юзланишни ўргатади. Кейинги ўн беш йил ичида бизнинг кутубхоналар ўқувчилар учун энг севимли, эътиборга молик жойга айланди. Бизда онлайн хизмати ҳам яхши йўлга қўйилган. Ҳамкорлигимиз ҳар икки томонга ҳам жуда кўп фойда келтиришига ишонаман».
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter