Кинематография агентлиги ёш талабаларга грантлар тақдим этди
Бугун Кинематография агентлиги ҳамда Бутунроссия давлат кинематография институти (ВГИК) Тошкент филиалининг «Миллий кинематография ва БДКИ: ўтмиш, бугун ва келажак» мавзусидаги илмий-амалий конференцияси бўлиб ўтди. Конференцияда Бутунроссия давлат кинематография институтининг ўзбекистонлик талабалар учун махсус стипендиялари топширилди.
Институтнинг Тошкентдаги филиали талабаларининг ҳужжатли фильмлари учун грантлар тақдим этилди.
Конференцияда киноэкспертларнинг миллий кинематография соҳаси бўйича долзарб мавзудаги маърузалари тингланди. Жумладан, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби Қамара Камалованинг «Кино санъати: кеча ва бугун», институт профессори Одельша Агишевнинг «ВГИК: ўтмиш ва бугун» ва бошқа маърузалари эшитилди.
Конференцияда Бутунроссия давлат кинематография институти ректори, академик Владимир Малишев ҳам иштирок этди.
Мазкур конференция видеокўприк алоқаларни ўрнатди. Унда Zoom платформаси орқали Бутунроссия давлат кинематография институти билан видеомурожаатлар ўрнатилди. Жумладан, Россияда хизмат кўрсатган артист Фарҳод Маҳмудов Россиядан, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Сейдулла Молдаханов АҚШдан конференция иштирокчиларига видеомурожаат билан чиқди.
Маълумот учун: ўзбекистонлик талабалар маълум муддат ВГИКда таҳсил олмаётган эди. 2020 йилда Кинематография агентлиги ҳамда ВГИК ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланиб, биринчи йил 7 нафар талаба, жорий йил сентябрь ойида 22 нафар талаба ўқишга юборилди. Шунингдек, талабаларнинг шартнома пуллари агентлик томонидан қоплаб берилди. Ҳозирда агентлик томонидан абитуриентлар учун кинематографиянинг турли йўналишлари бўйича танлов эълон қилинган.
Шунингдек, жорий йилда бўлиб ўтган Тошкент халқаро кинофестивалида Бутунроссия давлат кинематография институтининг (ВГИК) Тошкент филиали очилди. Ҳозирда унда драматургия ва кинопродюсерлик йўналишлари бўйича талабалар таҳсил олмоқда.
Кинематография агентлиги томонидан ўтказилаётган «Миллий кинематография – Янги Ўзбекистон тимсоли» кино ойлиги давом этмоқда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter