Камбағал оиладан чиққан драматург
У етим болани тарбиясига олганига қарамай, бойларнинг хизматини қилиб, кун кўришга мажбур эди. Шу тарзда турли юмушларни адо этиб, вояга етгани боис ҳаёт синовларида анча тобланди. Бу инсон ўзбек матбуоти, драматургиясига катта ҳисса қўшган Зиё Саид эди...
Алғов-далғовли ХХ асрнинг бошлари. Тошкентнинг Дегрез маҳалласида камбағал оилада туғилган Солий ота-онасидан жудо бўлгач, не-не юмушларни қилмади, дейсиз! Бойга хизматкор бўлиб, папирос фабрикасида ишлади.
Ағдар-тўнтар юз берган 1917 йилда Солий 14 ёшли ўспирин бўлиб, ҳаётда эндигина оқ-қорани таний бошлаган эди Замон ёшларни ўз оқимига оғдира бошлаган, шу зайлда бойлар хизматини қилиб, тағин сўкиш, дашном эшитгани туфайли уларга нафрати кучли бўлганидан Солий ЧКга ишга кирди. Шу тариқа 1919–1922 йилларда Солий Қосимов Тошкент ва Бухородаги ЧК сафида хизмат қилди. Аммо табиатан сўзамол, самимий, поччасининг таъсирида илмга, адабиётга ихлос қўйгани учун бу сафда узоқ қолмади. 1923 йилда Тошкентга қайтиб, Маннон Уйғур билан бирга «Эл тузар» номли театр труппасини ташкил этди. Ўшанда у ўзига Зиё Саид тахаллусини танлади. Айнан театр соҳасига қизиқишига эса Ҳамза Ҳакимзода Ниёзий сабабчи бўлганди. Шоир ёш чекистнинг илмга, санъатга иштиёқи баландлигини кўриб, уни драматургияга бошлаб келганди.
Ҳамзанинг илғаганича бор экан. Зиё Саид тез орада ёзган ҳажвия, мақола ва драмалари билан адабий муҳитда ўз ўрнига эга бўлди. «Қонли кун», «Тарих тилга кирди» каби саҳна асарлари мухлислар эътиборини тортди. Матбуотда эълон қилинган мақолалари, ҳажвияларида халқдан узоқлашган амалдор, мажлисбоз тўраларни, юлғичларни фош қилди. Шу билан бирга Зиё Саид ташкилотчилик қобилиятини ҳам намоён этиб, «Муштум», «Қизил Ўзбекистон» нашрларига муҳаррирлик, Ҳамза номли академик театрида директорлик, радиоқўмитага раислик қилди.
Зиё Саиднинг тарих олдида қилган энг катта иши ва ҳар қандай даврда ҳам ўз нуфузини йўқотмайдиган асари – 1927 йилда нашр этилган «Ўзбек вақтли матбуоти тарихига оид материаллар» китобидир. Айтиш мумкинки, Зиё Саидгача, ундан кейин ҳам бирор тарихчи 1870 йилдан 1927 йилларгача бўлган ўлка матбуоти тарихини бу даражада мукаммал ўрганмаган. Сўнгги йилларда қилинган тадқиқотларда ҳам Зиё Саид асарига таянилади ва ундан манба сифатида фойдаланилади.
«Бутун халқни ва ҳар турли ижтимоий гуруҳларни, фикрларни бир жойга йиғиштириб, мустаҳкам мафкуравий қўрғон бино қилиш керак эди. Бунинг учун яхши қурол матбуотдир». Зиё Саид чор мустамлакачилари томонидан Туркистонда матбуотга асос солинишини ана шундай баҳолайди.
У шу зайлда тийрак кўз билан ўлкада ташкил этилган илк маҳаллий тилдаги «Туркистон вилоятининг газети»ни тадқиқ қилиб, фақат мустамлакачилар манфаати учун хизмат қилганини таъкидлайди. Ўз фикрини исботлаш учун кўплаб мисоллар келтиради, фактларни бир-бирига таққослайди. Айниқса, 1916 йилги халқ қўзғолони тўғрисида маълумотлар берилмаганини айтиб ўтади: «Газетада Тошкент меҳнаткашларининг Олмазордаги ҳаракатлари, Ризобувининг фаолияти (бу хотин Олмазордаги воқеада полицмейстер, подполковник Колесников томонидан отиб ўлдирилганди) ва, умуман, қонли фожиалар тўғрисида ҳеч нарса йўқ. Жиззахга подполковник Иванов қўл остида жазо отряди юборилганлиги ёзилган. Лекин Фарғона, Самарқанд ва бошқа жойларда мингбоши, элликбоши, оқсоқол ва тўраларнинг халқ томонидан ўлдирилиши каби «майда воқеа»лар ҳақида бирон нарса кўринмайди».
Шу билан бирга Зиё Саид газета саҳифаларида воқеликни келтирмай, халқни чалғитадиган «мана бундай «катта воқеа» ёзибдурларким...» дея бир хабарни мисол қилиб келтиради. «Ўрус газеталарида бир ажойиб воқеа ёзибдурларким, ушбу кунларда Масков губерниясининг маҳкумида бўлғувчи Максим отлиқнинг Тимофей ўғли Масков шаҳрига бир аравага бўр ортиб келиб турган ҳолда қалин қорга рўбарў келиб, йўлни билмасдан адашибдур».
Бундан ташқари, Зиё Саид ўлкада 1927 йилгача чоп этилган барча газета-журналлар ҳақида, кимлар томонидан, қаерда, қачонгача, қандай қоғозга босилиб тарқатилгани, мухбирлари, таҳририятнинг тутган йўли тўғрисида маълумот келтириб ўтади. Мазкур нашрларда чоп этилган мақолалардан мисол келтирган ҳолда ҳаёт воқелигини қай тарзда ҳаққоний ёритгани, ёзиш услуби, тил-шеваси ҳақида ҳам ўз фикрларини билдиради.
Зиё Саиднинг баъзи мақола, ҳажвия, драмалари замон ўзгариши билан олдинги мафкуравий қолиплар таъсирида яратилгани учун ўз қадр-қимматини йўқотган бўлса-да, матбуот тарихига доир асарининг умри боқийдир.
Умид Бекмуҳаммад,
тарих фанлари бўйича фалсафа доктори, доцент.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter