Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Жалолиддин Мангуберди сериалида суратга тушадиган йигит-қизлар Туркияда от миниш, қилич чопиш ва жанг санъатини ўрганмоқда

Жалолиддин Мангуберди сериалида суратга тушадиган йигит-қизлар Туркияда от миниш, қилич чопиш ва жанг санъатини ўрганмоқда

Маданият вазирлигида Султон Жалолиддин Мангуберди ҳақида ишланаётган сериал борасида тарихчи ва олимлари билан ОАВ ходимлари ўртасида учрашув бўлиб ўтди. Учрашув давомида сериални суратга олиш масалалари муҳокама қилинди. Бу ҳақда Xabar.uz мухбири хабар бериб ўтди.

Мулоқот давомида «Султон Жалолиддин Мангуберди» сериали бош маслаҳатчиси Бобохон Муҳаммад Шариф сериалнинг суратга олиш жараёни ҳақида саволларга жавоб бериб ўтди.

«Бизнинг мамлакатимиз 130 йил давомида мустабид тузум ҳукми остида бўлди. Бу билан бизнинг миллий ғуруримиз топталди. Биз мана шу ғурурни кўтарадиган фильмлар ишламоқчимиз.

Ҳозир ҳам туркий халқларнинг бирлигига путур етказишни истайдиганлар етарлича топилади. Агар биз бир бўлсак, ҳар қандай кучга қарши тура оламиз. Бунинг учун эса Жалолиддин Мангуберди каби қаҳрамонлар жуда керак. Биз уларнинг ҳаётини тарғиб этишимиз керак.

«Султон Жалолиддин Мангуберди» сериали бош маслаҳатчиси Бобохон Муҳаммад Шариф
Фото: Беҳзод Абдужабборов

Бу ҳужжатли эмас, бадиий фильм бўлади. Аммо тарихий ҳақиқат бузилмайди.

Ўтган йилнинг ёзида халқаро конференция ўтказдик. Унда Эрон, Озарбайжон, Туркия ва бошқа мамлакатлардан Жалолиддин Мангубердининг ҳаётини ўрганган олимлар келди. Кўплашиб маслаҳатлашиб, фильм суратга олишга келишиб олдик.

Сериалнинг биринчи фасли 13 сериядан иборат. Иккинчи фаслда яна 13 серия суратга олинади. Келажакда умумий жиҳатдан 52 қисмдан иборат сериал олиш режалаштирилган.

Ўзбекистондан 20 га яқин йигит-қизлар Туркияда актёрлик борасида дарс олишмоқда. Уларга от миниш, қилиқбозлик ва жанг санъатлари ўргатилмоқда. Таъкидлаш лозим, баъзи қизларимиз қилич уришда йигитлардан қолишмаяпти», — дейди Бобохон Муҳаммад Шариф.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг