Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Жалолиддин Мангуберди ҳақида 1998 йилда фильм суратга олиниши керак эди. Аммо нима учун олинмаган?

Жалолиддин Мангуберди ҳақида 1998 йилда фильм суратга олиниши керак эди. Аммо нима учун олинмаган?

Кеча Маданият вазири Озодбек Назарбеков тарихчи олимлар ва ОАВ ходимлари билан учрашди ва Султон Жалолиддин Мангуберди сериалини суратга олиш ишларини муҳокама қилди. Эслатиб ўтамиз, сериал туркиялик киноижодкорлар томонидан тасвирга олинади.

Йиғилишда тарихчи олим Жумабой Раҳимов ҳам иштирок этди ва нима сабабдан шу вақтга қадар бу мавзуда фильм олинмаганига ойдинлик киритди. Бу ҳақда Xabar.uz мухбири маълум қилди.

«Аслида Жалолиддин Мангуберди ҳақида фильм 1998 йилда суратга олиниши керак эди. Бу ҳақда ҳукумат қарори ҳам қабул қилинди ва Шуҳрат Аббосов режиссер сифатида иш бошлади. Мен унга тарихчи-маслаҳатчи сифатида бириктирилдим.

Биз уч ой бирга ишладик, аммо кейин тарқалиб кетишга мажбур бўлдик. Нима учун? Чунки мен маслаҳатчи сифатида тарихий ҳақиқатни сақлаб қолишни, Жалолиддин Мангуберди ҳақида барча маълумот қандай бўлса, шундайлигича беришни талаб қилдим. Бадиий ҳақиқат тарихий ҳақиқатга бўйсуниши кераклигини айтдим.

Аммо Шуҳрат Аббосов бу талабларни бажара олмаслигини очиқ-ойдин тан олди. «Мен бунақа юқори талабларни бажара олмайман. Гарчи ҳукумат менга шу топшириқни берган бўлса ҳам, уларга тушунтираман, бунақа фильм олишга бизнинг кучимиз етмайди, дейман. Энди сен ҳам ўз ишинг билан кетавер, мен ҳам ўз ишимни қилай», — деди буюк режиссер. Натижада фильм суратга олинмай қолиб кетди.

Мана энди шундай қийин ишни турк биродарлар ўз зиммасига олибди. Бунинг учун уларга катта раҳмат.

Аммо мен ўйлайманки, сценарий ёзилиши, фильм суратга олиниши асносида ўзбек тарихчилари ҳам иштирок этиш лозим. Чунки турк тарихчиларининг ўзида ҳам зиддиятлар бор. Ўқиганмиз, биламиз.

Жалолиддин Мангуберди ва турк саркардалари ўртасида икки марта жанг бўлган. Шундай экан, турклар фильмни олишда холисликка амал қилишларини истаган бўлардим», — дейди Жумабой Раҳимов.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг