Чақмоқдек қисқа умрдаги қаҳрамонлик
Дунёда ҳар бир халқнинг, миллатнинг улуғвор ғоялари, «қоя»лари бўлади. Унда шу мамлакат аҳлининг мақсад-интилишлари, орзу-умидлари акс этади. Булар инсоний, олижаноб фазилатлар фонида акс этаркан, у ўша халққа мансуб бўлган қаҳрамонлар қиёфасида, асл ўғлонлари тимсолида гавдаланади. Ўз ватанини жону тани деб билган, кўз қорачиғидай асрашни шараф ва қалб амри деб англаган, матонат ва жасоратнинг рамзига айланган, миллий тимсолимиз Жалолиддин Мангуберди номини абадийлаштириш ҳам тарих олдидаги бурчимиздир.
Урганч шаҳрида Жалолиддин Мангуберди ёдгорлик мажмуасининг тантанали очилиш маросимида давлатимиз раҳбарининг иштироки ва ўгитлари чин маънода бурчдорлик, бунёдкорлик, аниқроғи, ватанпарварлик туйғусини ҳис этишга хитобдир.
«Она юртга муҳаббат ва садоқат, ор-номус ва шон-шараф бобида Жалолиддин Мангубердига тенг келадиган улуғ шахслар дунёда камдан-кам учрайди».
Шавкат Мирзиёев
Дарҳақиқат, қисқа умри мобайнида тарихда унутилмас из қолдирган қаҳрамон инсоннинг мўғуллар қўшинига қарши бориши матонат муҳри ва халқига меҳрининг нишонасидир. 21 ёшида қўрқмасдан майдонга чиқиш ўн бир йил давомида мўғул босқинчиларига қарши уч юздан ортиқ жангларда иштирок этиш, ҳатто ёт ва ёв бўлган Чингизхондек ҳукмдорнинг ҳам тан бериши, ҳавас қилишига қобил бўлган Жалолиддинни шарафлаб, тарафлаб қанча сўз айтсак, шунча кам.
Унинг шижоати ва мардлиги ёшларга ватанпарвар бўлиш, она юртни севиш, ўз халқининг озодлиги ва осойишталиги учун кураш олиб бориш қандай бўлиши кераклигидан сабоқ беради.
Мустақиллик тушунчаси ҳам унинг яшаши, кураши ва қарашида тўла акс этгани рост. Улуғ аждодимизнинг хотирасини абадийлаштириш борасида давлатимизнинг юксак мукофотларидан бири — Жалолиддин Мангуберди ордени таъсис этилгани, унинг фаолиятига бағишланган илмий ва бадиий асарлар яратилгани, туркиялик киноижодкорлар билан бирга кўп қисмли тарихий фильм суратга олингани, улуғ саркардага муносиб ватанпарвар ўғлонларни тарбиялаш мақсадида Урганч шаҳрида Жалолиддин Мангуберди номида ҳарбий академик лицей ташкил этилгани иқболимиз ва истиқлолимизга ранг ва оҳанг бахш этадиган хайрли ҳаракатлардандир.
Хоразм марказида барпо этилган ёдгорлик мажмуасининг ғоявий меъмори, аслида, Президентимиз Шавкат Мирзиёевдир. Улар бу ғояни 2018 йилда илгари сурган эдилар. Уларнинг топшириқ ва кўрсатмалари асосида бўйи 25 метрни ташкил этадиган маҳобатли ҳайкал барпо этилди. Унда Султон Жалолиддиннинг қатъиятли, мағрур сиймосида истиқболга ишонч билан интилаётган халқимизга хос ватанпарварлик ҳамда букилмас ирода акс этган.
Худди шунингдек, иқбол ва истиқболимизга тимсол бўла оладиган фазилатларни ўзида жо этган ватанпарвар Жалолиддин Мангуберди ҳаёти ва жасоратини илмий асосда чуқур ўрганиш муҳим ва муқим вазифадир. Давлат раҳбарининг даъвати ҳам асли шу. Зероки, ўтмиш келажакнинг устозидир.
Эрон ҳудудидан топилган оғирлиги 32 килограмм, баландлиги 30 сантиметр бўлган Жалолиддин Мангуберди битиктошидаги Қуръони карим оятлари, Жалолиддин Мангубердининг шажараси, ёдгорликнинг яратилиш тарихи ҳам ўша даврга хос руҳни англатса, унинг асли ҳозирги кунда Лондондаги машҳур Британия музейида сақланаётгани буюк аждодимизнинг жаҳон тарихидаги беқиёс шону шавкатидан, шуҳратидан далолатдир.
Эндиликда Туркиянинг Силван шаҳрида топилган улуғ аждодимизнинг қабри ёнда турк қардошлар билан бирга рамзий мақбара бунёд этиш, унинг қаҳрамонлик тарихини тўла ёритадиган илмий энциклопедия яратиш масаласини давлатимиз раҳбари муҳим вазифа сифатида қўяр экан, бу аждодлар руҳини шод этиш баробарида маърифат ва маънавиятнинг таъсирчан кучига эътиборимизни қаратгани рост.
Президентимиз таъбири билан айтганда, чақмоқдек қисқа умри мобайнида халқимиз табиатида мавжуд бўлган матонати билан Султон Жалолиддин ҳамиша юртига фарзандлик меҳри, иймон-эътиқод билан хизмат қилишнинг ўчмас тимсоли бўлиб қолишига имонимиз комил.
Раҳимбой Жуманиёзов,
«ТИҚХММИ» Миллий тадқиқот университети доценти,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ва
«Маърифат» тарғиботчилар жамияти аъзоси
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter