Георгий Вицин: машҳурлик ва қашшоқликдаги ҳаёт
Бу истеъдод эгаси ҳақида негадир кам ёзилган. Айтишларича, ҳаётининг сўнгги йилларида Георгий Вицин ҳам худди Евгений Моргунов каби қашшоқликда кун кечирган (афсонавий учликдан фақат Юрий Никулин яхши яшарди). Кексайиб қолган Вицин касаллиги туфайли ишламаётган хотини ва маоши ҳаминқадар бўлган рассом қизи билан умргузаронлик қиларди. Уларнинг уйида оқ-қора рангли эски телевизор ва китоблар бўлиб, ювиниш хонасидаги душ ишламас, ошхонада совуқ сув келмасди...
Отанинг вафоти
Георгий Вицин 1918 йилнинг 23 апрелида Петроградда тавваллуд топган. Онаси Мария Матвеевна ўзини ҳар ишга урарди. Унинг урушдан оғир хасталаниб қайтган эри кўп яшамади: у газ билан заҳарланган эди.
Георгий болалигида тортинчоқ бўлган. У синфда ўқитувчиларнинг қаҳрли нигоҳидан қўрқиб, синфдошларининг орқасига яширинарди. Шунга қарамай, актёр бўлишга қарор қилди. Уятчанлигини йўқотиш учун мактаб қошидаги театрга қатнади. Бу фойда берди. Бўлажак актёр мактабдаги саҳна асарида шомон ролини шу қадар қойилмақом ижро этдики, ўқитувчи унга балет билан шуғулланишни маслаҳат солди. Бироқ Вицин мактабдан сўнг ўзини театрга бахшида этди.
У «Малый театр» билим юртига ўқишга кирди. Афсуски, кўп ўтмай, «ўқув жараёнидаги енгил-елпи муносабати учун» бу ердан ҳайдалди. Куз ойида Вицин яна ўзини синаб кўрди. Қарангки, бирваракайига учта даргоҳдан синовдан ўтди. Учта илмгоҳдан Вахтангов билим юртини танлаб, 1934-1935 йилларда шу масканда таҳсил олди.
1936 йили Вицин машҳур актёр Николай Хмелёв раҳбарлигидаги театр студиясига қабул қилинди. Тез орада кўзга кўриниб қолди. Мухлислар кассадан чипта сўрашар, агар бугун Вицин саҳнада ўйнамаслигини эшитсалар, қайтиб кетишарди.
Спортчи ва «Қўрқоқ»
Вициннинг кинодаги фаолиятини уч босқичга бўлиш мумкин. У турли жанрдаги фильмларда роллар ўйнади. «Захирадаги ўйинчи»дан (1954) сўнг янада танилди. У суратга тушишдан олдин ҳар куни стадионда машқ қиларди.
Томошабинлар Георгий Вициннинг тортинчоқ, аммо ўз ишига астойдил жон куйдирувчи қаҳрамонини ёқтириб қолишганди. 1956 йили «У сизни севади» экранларга чиқди. Мазкур фильмда Вицин сув чанғисидаги трюкни ўзи бажарган.
Унинг бир қадар кўримсиз, бироқ кўнгилчан қаҳрамонлари томошабинлар қалбидан жой оларди. Вицин детектив, тарихий, лирик фильмларда ҳам суратга туша бошлади.
Георгий Вицин фаолиятининг иккинчи босқичи «Қўрқоқ» билан боғлиқ. Унинг Туллак – Евгений Моргунов ва Валакисаланг – Юрий Никулин билан иттифоқи улкан муваффақият қозонди. Қўрқоқ роли «Барбос лақабли кучук ва антиқа кросс» (1961), «Самогончилар» (1961), «Ы» операцияси...» (1965), «Кавказ асираси» (1966), «Етти қария ва бир қиз» фильмларида гавдаланди. Вициннинг кейинги барча қаҳрамонлари – томошабинлар назарида – ана шу қиёфадан узоқлашмаган.
Никулин панд берди
Актёрнинг «Омадли жентльменлар» фильмида жиноятчи ролини ўйнагани кутилмаган ҳол бўлди (1971). Вициннинг бўғиқ овозли қаҳрамони аввалги образларидан кескин фарқ қиларди. Аммо унинг бундай роллари жуда кам. Юзга яқин роллари борки, биз Вициннинг қаҳрамонлари устидан куламиз.
Актёр янги-янги қиёфалар ярата оларди. У қирқ саккиз ёшида йигирма ёшли Миша Бальзаминовни, ўттиз етти ёшида ўн саккиз яшар Вася Веснушкинни ўйнади. Ўттиз олти ёшида эса кекса чол ролини ижро этиб, режиссёрларни лол қолдирди. Бу фаолиятининг учинчи босқичи эди.
Георгий Вицин «Қўрқоқ» ниқобини сўнгги марта Юрий Кушнерёвнинг «Ўтган кунлар комедияси» фильмида тақди. Кушнерёв «12 стул» қаҳрамонлари ижрочилари Арчилом Гомиашвили ва Сергей Филиппов билан биргаликда суратга олмоқчи эди. Аммо... Никулин шу оннинг ўзидаёқ лойиҳада иштирок этишни рад этди. Қолган «қойилмақом тўртлик» бор кучини ишга солса-да, бундан ҳеч вақо чиқмади.
Вицин кинодаги сўнгги ролини «Хаги-Траггер» (1994) фильмида ўйнади. У мультфильмларга овоз беришда ҳам қатнашган. Ўзининг қўғирчоқ ва чизилган қаҳрамонларига Станиславский тизими бўйича ёндашарди. Жузеппе («Буратинонинг саргузашти»), мусиқачи қўнғиз («Дюмовочка») ва бошқа кўплаб қаҳрамонлар Вицин овози билан гапиришган.
Хотини – Мичуриннинг кариндоши
Георгий Михайловичнинг хотини машҳур олим Мичуриннинг қариндоши эди. Қизи Наташа эса, юқорида айтганимиздек, рассомчилик билан шуғулланган.
Вицин жониворларни ниҳоятда севарди. Уйи атрофдаги қушлар, мушук ва итлар унинг қай вақтда уларни овқатлантириш учун чиқишини аниқ билиб, подъезд олдида кутиб турарди. Вицинлар уйда икки тўтиқуш ва бир ит ҳам боқардилар.
Георгий Михайлович экранда ароқхўр қиёфасида кўринса-да (айниқса, «Ҳаёт учун хавфли» кинокомедиясида), ҳаётда мутлақо спиртли ичимлик ичмаган. У чекмаган ҳам.
Вицин умр бўйи йога билан шуғулланди. Ўша пайтларда йога нималигини кўпчилик билмасди. Вицин тана тозариши, руҳий сиқилишларга бардош бериш, кундалик машғулот ва медитацияни қатъий жадвал асосида олиб борарди.
Режиссёрлар «Мотор!» хитобидан сўнг сочларини минг юлиб қолишмасин, Вицин соатига қараб, хушмуомалалик билан: «Маъзур тутасиз, мен етти дақиқа мобайнида бир оёқда тик туришим ва нилуфар гули шаклида ўтиришим керак», дерди. Вазият таранглигига қарамай, у чеккароққа ўтиб, йогага берилар, шундан кейигина майдонга қайтарди. Бу ҳаракатларини ҳамкасбларидан кимдир ёқласа, бошқа биров аччиқланарди. Уни айрим аёллар ёқтиришмасди. Белотелованинг Бальзаминов билан ўпишиш саҳнасидан сўнг Нонна Мордюкова Вицинга шундай деган: «Эркакмисан ўзи? Ичмайсан, чекмайсан, аёлларга ҳушинг йўқ! Мурданинг ўзисан-ку!..»
Аниқланмаган ташхис ва... ўлим
Вицинга йирик ролларини ижро этиш насиб этмади. Ваҳоланки, у бетакрор истеъдод соҳиби эди. Ҳамкор актёрлар Моргунов ва Никулин, «Вицин – бетакрор истеъдод эгаси, биз иккаламиз биргаликда ҳам унинг тирноғига арзимаймиз», деганлари бежиз эмас.
Георгий Вицин ўлимидан етти йил аввал кинода суратга тушмай қўйди. У актёрларнинг юморга йўғрилган концертларида иштирок этарди, холос.
Шифокорларнинг хулосасига кўра, йога билан ҳаддан зиёд шуғулланиш актёрнинг саломатлигига акс таъсир кўрсатган. Оғир хасталикдан сўнг, 2001 йилнинг 22 октябр куни Георгий Михайлович Вицин ҳаётдан кўз юмди. Сўнгги интервьюларидан бирида у шундай деган эди: «Одамлар, беҳуда чиранманг. Ҳаёт даҳшатли равишда кўп вақтингизни олади».
83 ёшли актёрни кўмиш арафасида ҳам унинг ўлимига оид аниқ ташхис қўйилмаган. Вицин «сурункали касаллик туфайли юрак хуружи» боис шифохонага ётқизилганди. Уни қабул қилган шифокорнинг айтишича, «Георгий Вициннинг аҳволи оғир эди».
Бош шифокор ўринбосари Александр Шчукиннинг сўзларига кўра, Георгий Михайлович чидаб бўлмас оғриқдан азият чеккан. Шу боис даҳшатли оғриқни қолдирувчи муолажа қилишга тўғри келган. Сўнгги кунларигача актёрнинг ҳуши ўзида эди. Ўлимидан бир неча соат аввал аҳволи ёмонлашди ва ҳушидан кетди.
«Биз Вицинни даволамадик, – тан олади Александр Шчукин, – унинг дардини енгиллатдик, холос».
Шчукиннинг айтишича, охирги ҳафтада Вицин шифокор ва ҳамшираларга Никулин ҳақида эслаб, унинг нақадар ажойиб инсон бўлганини айтиб берган. Ўлимидан бир неча кун олдин эса: «Мен фақат комедия актёри бўлганим учун ҳаётдан қувонмайман. Кекса ва касалманд одам бўлсам-да, ўтаётган ҳар лаҳзадан лаззат оламан», деган.
Ҳамшира кекса актёр ётган палатадан чиқмаган. Унинг эътирофича, Георгий Вицин аҳволи оғирлигига қарамай, тетик бўлган.
«Мени ҳайрон қолдиргани Вицин экрандагидан фарқли ўлароқ, ўз қадрини биладиган инсон экан, – дейди ҳамшира. – У танаси қақшаб оғриб, оғир дардни бошидан ўтказаётган бўлса-да, ҳазиллашишни канда қилмасди».
Сўнгги оқшом Вициннинг қошида навбатчилик қилган ҳамширанинг сўзлашича, Георгий Михайлович ҳаётдан лаззат олиш ҳақида шеър ўқиб берган.
Вицинга оғриқни қолдирувчи укол қилишди. Ҳамшира ташвишланиб ундан сўради: «Георгий Михайлович, ўзингизни қандай ҳис қиляпсиз,?» У шундай деб жавоб берди: «Мен нима бўлган, нима бўлаётгани ва нима бўлишини жуда яхши биламан».
Бу Георгий Михайлович Вициннинг сўнгги сўзлари эди.
Акбар Фатҳуллаев
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter