Генералнинг муҳаббати
«Yoshlar» телеканали бир сериал бошлабди. Номи ҳам бироз ноанъанавий: «Генералнинг муҳаббати». Лекин гап унинг номида ҳам эмас. Сериал Хитойники экан. Бугун мухлислар кўнглини ва телебозорни шиддат билан эгаллаб олаётган турк сериаллари турганда нега хитойча сериал қўйилди деб ҳайрон қолишингиз аниқ...
Биз шу савол билан «Yoshlar» телеканалига мурожаат қилдик. Телеканал ижодкорларининг айтишларича, «Генералнинг муҳаббати» сериали 2017 йилда Хитойда энг яхши тарихий сериал сифатида тан олинган. Шунингдек, у одатий тарихий сериалларга хос хусусият – шунчаки жангу жадаллардан иборат эмас.
Сериал аввало муҳаббат ва бурч ўртасидаги улкан зиддият ҳақида. Шу боис «Генералнинг муҳаббати» сериали воқеалари шиддат билан ривожланади. Фильм қаҳрамони баҳодир генерал душман юрт вакилини севади, аммо ватани олдидаги бурч унинг муҳаббатига эришишига йўл бермайди. Қиз ҳам шундай, бошида генералга асир бўлган, кўрарга кўзи йўқ бўлса-да, кейинчалик уни севиб қолади. Бироқ ўз юрти ғанимига кўнгил беришга ҳаққи йўқлигини билади.
Хўш, буёғи қандай кечади? Телеканал ижодкорларининг айтишларича, «Генералнинг муҳаббати» сериали ўз услуби ва воқеаларига кўра бугунги кунда намойиш этилаётган сериаллардан кескин фарқ қилади. Буни сериални кўрганда биласиз. Ҳозирча «Генералнинг муҳаббати» трейлерига баҳо беринг. Ҳар ҳолда бошқачага ўхшайди...
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter