Эркин Воҳидов номидаги мактаб-интернат ташкил этилди. Қабул қачондан?
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2016 йил 7 декабрдаги «Ўзбекистон халқ шоири Эркин Воҳидов таваллудининг 80 йиллигини нишонлаш тўғрисида»ги қарори асосида ўзбек адабиёти ривожига улкан ҳисса қўшган адиб ижодий меросини ўрганиш ва уни ёшларга етказиш йўлида қатор ишлар амалга оширилмоқда.
Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 14 майдаги қарори билан Марғилон шаҳрида Эркин Воҳидов номидаги она тили ва адабиёти фанини чуқур ўқитишга ҳамда хорижий тилларга ихтисослаштирилган мактаб-интернат ташкил этилди.
Мазкур мактаб-интернатни ташкил этишдан асосий мақсад Ўзбекистон халқ шоири, Ўзбекистон Қаҳрамони Эркин Воҳидов номини абадийлаштириш, шоир издошларини кашф этиш ва уларнинг ўз истеъдодларини кенг намоён қилишлари учун шарт-шароитлар яратишдан иборат.
Эркин Воҳидов номидаги мактаб-интернат 210 ўринга мўлжалланган бўлиб, 2018-2019 ўқув йилидан мактаб-интернатнинг 5-8-синфларига, 2019-2020 ўқув йилидан бошлаб эса 5-синфига 30 нафардан ўқувчи қабул қилинади. Бу ҳақда Халқ таълими вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.
2018-2019 ўқув йилидан бошлаб мактаб-интернатга иқтидорли ва истеъдодли ўқувчиларни ижодий танлов асосида саралаб олиш мақсадида она тили, адабиёт ва чет тили фанларидан тест синови ҳамда психологик-педагогик диагностика ўтказиш йўлга қўйилади.
Ҳозир Халқ таълими вазирлиги томонидан ҳамкор вазирлик ва идоралар билан биргаликда янги ўқув йилидан бошлаб мактаб-интернатга олий таълим муассасаларини тамомлаган иқтидорли педагог-кадрларни жалб қилиш, муассасанинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш мақсадида уни ётоқхона, ошхона, кутубхона, фаоллар зали ва ўқув лаборатория жиҳозлари ҳамда компьютер техникаси, ўқув-методик мажмуалар, ўқитувчилар учун методик қўлланмалар ва бадиий адабиётлар билан таъминлаш чоралари кўрилмоқда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter