Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Энди кутубхонамиз бор»

«Энди кутубхонамиз бор»

Фото: «Xabar.uz»

Халқаро пресс-клуб раҳбари бундан олти ой олдин Варганза қишлоғига бориб, қишлоқ аҳли билан суҳбатлашганида улар Шерзод Қудратхўжаевга «Қишлоғимизда кутубхона йўқ, битта кутубхона қурилишига ёрдам беринг» дейишган эди.

Фото: «Xabar.uz»

ХПК раҳбари бу илтимосни туман ва вилоят раҳбарларига етказди. Кутубхона учун жой ажратилди. Шу қишлоқлик тадбиркорга кутубхона қуриши учун ёрдам берилди. Қисқа вақт мобайнида икки қаватли кутубхона қурилди. Қишлоқ ёшларининг хурсандчилиги эгиз бўлди: кутубхона ичида тезкор интернет зали ҳам барпо қилинди.

Амир Темур таваллудининг 682 йиллиги муносабати билан Қашқадарё вилоят ҳокимлиги ва ХПК ҳомийлигида Китоб туманидаги Варганза қишлоғида ташкил этилган ана шу халқ кутубхонасининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Маросимда сўзга чиққан Қашқадарё вилояти ҳокими Зафар Рўзиев, ХПК раиси Шерзод Қудратхўжаев мазкур кутубхона ёш авлоднинг камол топишига хизмат қилишига ишонч билдирди.

Фото: «Xabar.uz»

ХПК ташаббуси билан бу кутубхона учун китоб йиғиш акцияси ташкил этилганди. Хайрли ташаббус натижасида ўзбек, рус, инглиз ва тожик тилларидаги 2 мингдан зиёд китоб йиғилган экан. Маросимда ана шу китоблар эгаларига – Варганза қишлоғи ёшларига, уларнинг халқ кутубхонасига топширилди.

Бундан илҳомланган вилоят ҳокими кутубхонага яна 5 минг китоб ҳадя қилишга ваъда бериб юборди.

− Варганза қишлоғимиз тоғли ҳудудда жойлашган, шу сабабли бу ерда интернетдан фойдаланиш қийин эди, − деди ёшлардан бири. – Кутубхонада тезкор интернет ҳам ишга тушиши бизларга жуда яхши совға бўлди. Энди кутубхонада ўтириб, ўзимизга керакли ахборотларни оламиз.  

Нон-туз билан кутиб олинган меҳмонлар ва қишлоқ ёшлари кутубхонага киришди ва бирпасда ёшлар ўзларига ёққан китобларни варақлашга тушиб кетишди.

Фото: «Xabar.uz»

Мен эса шу кутубхонани қуриб берган тадбиркор Неъматхон Мухторовни суҳбатга тортдим.

− Нега пул топган одам дўкон, тўйхона ё бирор даромад келтирадиган корхона очадиган замонда умуман даромад келтирмайдиган ишга қўл уриб, кутубхона қурдингиз?

− Биласизми, инсон учун озуқа, бойлик икки хил бўлади, бири моддий озуқа бўлса, иккинчиси маънавий озуқа. Мен халқимга маънавий озуқа бўлсин, илм ёшларимизнинг қалбига кирсин деб кутубхона қурдим. Моддий бойликлар бир куни йўқ бўлиб кетади, аммо маънавий бойлик йўқ бўлмайди. Мен кутубхонани даромад топиш учун қурмадим, Аллоҳнинг йўлида қурдим. Фарзандларимиз шу ердан қалбларига нур, зиё олсалар, илмли бўлсалар, савоби менга етади.

Каримберди Тўрамурод,

«Хаbar.uz»нинг махсус мухбири.

Қашқадарё вилояти Варганза қишлоғи.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг