ЕИдан кинолойиҳа: ўсмирлар орасидан иқтидорлар кашф этилади
Европа Иттифоқи FOCUS кино ва театр мактаби билан биргаликда EU-FOCUS FILM CAMP лойиҳасини ишга туширди. Дастур ўзбекистонлик ёшларнинг кино ва театр соҳасидаги билимини оширишга қаратилган.
Ўсмирлар учун махсус ишлаб чиқилган бепул таълим модули ҳужжатли кино, анимация, режиссура, фотосурат олиш, рассомлик, мусиқа, кино тарихи, драматургия, театр, продюсерлик, тасвирчилик санъати, кино суратга олиш, адабиёт, жамоада ишлаш, овоз режиссураси, монтаж ва бошқа мавзулар бўйича машғулотларни қамрайди.
ЕИ делегацияси хабарига кўра, ёз ойида бошланган таълим курси ҳозирда дам олиш кунлари давом этмоқда. Дастурга назарий ва амалий машғулотлардан ташқари фильмлар томошаси, маҳаллий ва хорижлик мутахассислар билан учрашувлар ҳамда табиий шароитдаги лабораторияда суратга олиш ўқувлари киритилган.
Гуруҳга 2021-2023 йиллардаги Якшанба киномактаби ҳамда FOCUS кино ва театр мактаби оромгоҳи дастуридан муваффақиятли ўтган 10 дан 16 ёшгача бўлган ўсмирлар танлаб олинган.
Лойиҳа Халқаро ижодиёт лабораторияси бўлмиш кичик грантлар агрегатори FOCUS GRAVITY HUB тизимига қўшилган.
Дастурни муваффақиятли тугатган ўсмирлар Кино мактаби ва FOCUS театрида бепул асосда ўқишини давом эттириши мумкин бўлади.
Янги ижодий лойиҳа 2023 йилги Европа кинофестивали тадбирлари доирасида бошланди.
Кейинги йилларда Европа кинофестивали Ўзбекистоннинг етти ҳудудини қамраб олди. Кўҳна қитъанинг 20 давлати ижодкорлари суратга олган 90 та фильм 20 минг нафар томошабин эътиборига ҳавола этилди.
Фестиваль доирасида таълим дастурлари, европалик экспертлар билан маҳорат дарслари ва учрашувлар ўтказиш ҳам анъанага айланган.
Бу йил Тошкент ва Бухорода ўтадиган фестивалда Эстония, Франция, Австрия, Бельгия, Словения, Мальта, Германия, Хорватия, Финляндия, Руминия, Венгрия, Португалия киноижодкорлари суратга олган 15 та сара фильм намойиш этилади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter