Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Дубляж санъати тарихи» китобининг тақдимоти ва дубляж санъати музейининг очилиши бўлиб ўтди

«Дубляж санъати тарихи» китобининг тақдимоти ва дубляж санъати музейининг очилиши бўлиб ўтди

«Ўзбекфильм» киноконцернида ХV Тошкент халқаро кинофестивали доирасида «Ўзбек дубляжи санъати 85 ёшда» номи остида тадбирлар ташкил этилди. Унда ўзбек дубляж санъати усталари Мукамбар Раҳимова, Ноила Тошкенбоева, Боир Холмирзаев, Гулчеҳра Жамилова, Барно Қодирова, Дилдора Бекжонова, Назокат Абдураҳмонова, Дилфуза Шоназарова, Алишер Узоқов, Комилжон Турсунбоев, Санжар Сатторов ва бошқалар иштирок этди.

Тадбирда миллий дубляжимиз тарихи, соҳада ўчмас из қолдирган шахслар ҳақида маълумотлар, иқтибослар, дубляжда эришилган ютуқлар ва муҳим воқеалар акс эттирилган «Дубляж санъати тарихи» китобининг тақдимоти ўтказилди.

«Биласизми, миллий дубляж санъатимиз жуда бой тарихга эга. Бу тарихий жараёнларнинг барчасини эса аслида бир китобда намоён этиш имконсиз. «Ўзбек дубляж санъати 85 ёшда» тадбири доирасида «Дубляж санъати тарихи» китобининг тақдим этилиши бу оддий воқелик эмас. Бунинг ортида катта меҳнат ётибди. Йўқолиб кетган ва ҳар турли манбаларга сочилиб кетган дубляжга оид маълумотларни бир жойга тўплаш осон бўлмади. Бунинг йўлида меҳнат қилганларга тасаннолар айтсак арзийди. Кўпчилик китобда фалон ижодкор ёритилмабди, фалон дубляждаги воқелик ёритилмабди дейишмоқда. Лекин, ишонинг бу ташаббуслар ҳали давом этади. Насиб қилса кейинги йилларда ҳам бундай нашрларни тайёрлашда, бунинг йўлида меҳнат қилишда давом этамиз. Бугунги байрам барчамизга муборак бўлсин деб қоламан», – деди фахрий дубляж актрисаси Мукамбар Раҳимова.

Шунингдек, тадбир давомида ўзбек дубляжига оид муҳим экспонатлар ҳамда фотосуратлар жамланган дубляж санъати музейининг очилиш маросими ўтказилди. Ушбу музей ҳам миллий дубляжимиз тарихи ва бугунини ўзида жамлаган қадрли масканга айланишига шубҳа йўқ.

«Дубляж санъатимиз бой тарихга эга. Аммо охирги йилларда бу соҳага бўлган эътибор кескин пасайиб кетган эди. Мана энди муҳтарам президентимиз ташаббуси билан ташкил этилаётган ХV Тошкент халқаро кинофестивалида ниҳоят ўзбек дубляжи алоҳида эътироф этиладиган бўлди. 85 йил… Бу вақт мобайнида ушбу санъат нималарни кўрмади, не-не афсоналарни, истеъдод соҳибларини кашф этмади дейсиз. Ўйлайманки, буёғига ҳам миллий дубляжимиз яна поғонама поғона олдинга қадам қўйиб бораверади», – деди дубляж режиссёри Комилжон Турсунбоев.

Эслатиб ўтамиз, ХV Тошкент халқаро кинофестивали жорий йилнинг 29 сентябридан 2 октябригача бўлиб ўтади. Унда Европа иттифоқи давлатлари фильм фестивали, шу билан бирга, Туркий давлатлар ва МДҲ давлатлари кинофоруми ҳам бўлиб ўтади. Бундан ташқари, кинофестивал дастуридан «Кино 5 кунда» танлови, ўзбек киносининг 115 йиллигига бағишланган миллий тадбирлар, кинотеатрларда хориж кино кунлари, семинар-тренинглар, маҳорат дарслари, таниқли киноижодкорлар билан ижодий учрашувлар ташкил этилади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг