Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Бухорода дунё ҳунармандлари бирлашди (фото+видео)

Бухорода дунё ҳунармандлари бирлашди (фото+видео)

Фото: Xabar.uz

Ўтмиш, тарих ва замон кесишган Бухоройи шарифга дунёнинг 40 дан зиёд давлатидан 160 нафарга яқин ҳунармандлар келишди. Уларни «II Халқаро зардўзлик ва заргарлик» фестивали бирлашди.

Заргарлик анъаналарини ривожлантириш, уларнинг ноёб намуналарини тарғиб этиш, ушбу йўналишларда ўзаро тажриба алмашиш орқали халқлар ўртасида дўстлик ва ҳамкорлик ришталарини мустаҳкамлашга мақсадини қаратган мазкур фестиваль тантаналари уч кун давом этади. Бунда республикамиз ҳудудларидан 114 нафар заргар, 39 нафар зардўз, 90 нафар ҳунармандчиликнинг бошқа йўналишларида фаолият олиб бораётган ҳунармандлар иштирок этмоқда. 42 та давлатдан 157 нафар хорижий ҳунармандлар ҳамда 100 дан зиёд нуфузли меҳмонлар ташриф буюришган.

Маълумки, қадим-қадимдан ҳунармандчилик ривожланган маданий марказлардан бири бўлиб келган Бухорода ҳунармандчилик ва халқ амалий санъатининг турли йўналишлари, айниқса, зардўзлик ва заргарлик юксак даражада тараққий этган. Уста-шогирд анъаналари асосида ҳунармандларнинг оилавий сулолалари унинг сир-асрорларини аждодлардан авлодларга етказиб келмоқда. Бугунги кунда ҳам Бухоро шаҳрида ҳунармандчилик анъаналари изчил ривожланмоқда. Хусусан, ипак гиламчилик, кулолчилик, кандакорлик, зардўзлик, заргарлик, каштачилик, ёғоч ўймакорлиги, қоғозгарлик каби ҳунармандчиликнинг кўплаб турлари равнақ топмоқда.

«2022 йилда Бутунжаҳон Ҳунармандлар кенгаши томонидан Бухоро шаҳрига Бутунжаҳон ҳунармандчилик шаҳри мақоми берилган эди. Бу эса минтақамизда асрлар мобайнида авлоддан-авлодга безавол ўтиб келаётган боқий анъана ва қадриятларимизнинг ҳамда юксак маънавият, маданиятимиз ва бой тарихимизнинг жаҳон миқёсидаги юксак эътирофи ҳисобланади. Бу  мақом кўҳна заминда Халқаро миқёсда ҳунармандчиликнинг барча турларини янада ривожлантириш мақсадини ўзида мужассам этган фестиваль ҳамда тантаналарни кенг миқёсда, юқори савияда ўтказиш имконини берди. Сайёҳлар оқими ҳар йилгидан ошди. Жуда кўп хорижий давлатлар билан ҳунармандчиликни ривожлантириш борасида меморандумлар имзоланди. Бу эса ўз-ўзидан хориж давлатларида ҳам Бухоро ҳунармандчилиги мактабларининг шаклланишида мустаҳкам салобат касб этади», — деди Бухоро вилояти ҳокими Ботир Зарипов.

Фестиваль доирасида ўтказилган турли музокара ҳамда илмий-амалий конференциялар давомида Хитой Халқ Республикасининг «Xinjiang Kaigao teaching technology co ltd», «Shaanxi Jiazhongshenghe Agricultural Technology Co., Ltd», «China Tiatong International Transport Co., Ltd» ҳамда бошқа қатор компаниялар билан келишувларга эришилиб, меморандумлар имзоланди.

«Мен бундан илгари ҳам Бухоройи шарифга келганман. «Ипак ва зираворлар» фестивалларида ўзимнинг заргарлик буюмларимни олиб келганман. Бухоро заргарларидан кўп тажрибалар ўргандим, ўрни келганда, ўз услубларимизни ўргатдим. Бухоронинг кўп заргарларини ўзимга устоз санайман. Ҳам савдо, ҳам сайёҳат, деганларидек бу қадим шаҳарни тез-тез зиёрат қилиб  тураман. Ўтмиш, Тарих ва Замон кесишган шариф шаҳарга ихлосим баланд»,— деди покистонлик Маҳаммадзода Алинияз.

Туркиялик Малик Ашрафзода Истамбулда Бухоро заргарлик мактабини яратишга ҳамда бу йўлда Бухородаги энг намунали бўлган ўзига хос «устоз-шогирд»лик анъаналарини ривожлантиришга иштиёқманд эканини билдирди.

Фестиваль доирасида бир қатор тадбирлар, фестиваль иштирокчиларининг тантанали юришлари (парад-шествие), маҳаллий ва хорижий ҳунармандларнинг маҳсулотлари кўргазма-савдоси, илмий-амалий конференциялар, маҳаллий ва хорижий дизайнер ва ҳунармандлар иштирокидаги «Бухоро мода кунлар» мода намойиши, концерт дастурлари, халқ рақслари, қўғирчоқбозлик, фольклор жамоалари чиқишлари  давом этмоқда.

Халқаро зардўзлик ва заргарлик фестивали халқаро ҳамкорликка ва қизғин фикр алмашинувига чорловчи, том маънода санъат ва ҳунармандчилик байрамига айланди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг