Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Аввал Боку, энди Тошкентда... Янги имзоланган ҳужжат қандай наф келтиради?

Аввал Боку, энди Тошкентда... Янги имзоланган ҳужжат қандай наф келтиради?

Фото: «Xabar.uz»

Ўзбекистоннинг тарихий «Турон» кутубхонаси ва Озарбайжоннинг Шуша тумани марказлашган кутубхона тизими ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Ушбу ташаббус Ҳайдар Алиев номидаги Озарбайжон маданият маркази лойиҳаси доирасида амалга оширилди. Шу муносабат билан Тошкентдаги «Турон» кутубхонасида маърифий тадбир ташкил этилди.

Кутубхона директори Дилдора Абдуазизова Ҳайдар Алиев номидаги маданият маркази билан ҳамкорликда кўплаб қўшма лойиҳалар амалга оширилаётгани ҳақида гапирди. У, шунингдек, Озарбайжон маданияти бешиги саналган Шуша шаҳри кутубхонаси билан ҳамкорлик ҳам алоҳида аҳамият касб этишини таъкидлади.

Озарбайжон маданият вазирлиги бўлим бошлиғи Акиф Маарифли икки мамлакат ўртасидаги гуманитар алоқаларни ривожлантириш ҳақида сўзлар экан, кутубхоналар ўртасида ҳамкорлик кучаётгани қувончли ҳолат эканини қайд этди.

Мамлакатимиздаги мўътабар маърифат ўчоқларидан бири бўлмиш  «Турон» кутубхонасига XX аср бошларида асос солинган. Ушбу маърифат маскани ўз даврида Мунавварқори Абдурашидхонов, Абдулла Авлоний, Абдулла Қодирий, Чўлпон, Маннон Уйғур каби тараққийпарвар ва ҳурриятсевар зиёлиларни бирлаштирган.

Қорабоғнинг маданий пойтахти бўлган Шуша шаҳрида ҳам XIX аср охирларидаёқ дастлабки қироатхоналар ташкил этилган. Кўп ўтмай Шуша кутубхонаси Кавказда Боку ва Губадан кейинги учинчи йирик кутубхонага айланган.

Ҳар икки маърифат маскани бугунга қадар тарихий анъаналарни давом эттириб келмоқда.

Ҳамкорлик ҳужжати «Турон» кутубхонаси директори Д.Абдуазизова ҳамда Озарбайжон маданият вазирлиги бўлим бошлиғи А.Маарифли томонидан имзоланди. Ушбу меморандум икки кутубхона ўртасидаги алоқаларни янада ривожлантириш, фан, таълим ва адабиёт соҳаларига оид маълумотлар алмашиш, икки мамлакатнинг машҳур тарихий шахслари, маданият ва санъат намояндалари юбилейлари, ижодий кечаларини ташкил этиш, кутубхона ва ахборот соҳасининг долзарб муаммоларини ҳамжиҳатликда ҳал этишга қаратилган. Ҳужжат доирасида кутубхонани автоматлаштириш, виртуал кўргазмалар ташкил этиш ҳам кўзда тутилган.

Бу – икки мамлакат ўртасида кутубхона ҳамкорлиги бўйича сўнгги 3 ой ичида имзоланган иккинчи муҳим ҳужжатдир. Жорий йил октябрь ойида VII Боку халқаро китоб кўргазма-ярмаркаси доирасида Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон миллий кутубхонаси ва Мирза Фатали Охундов номидаги Озарбайжон миллий кутубхонаси ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланган эди.

Жорий йил апрель ойида эса Ўзбекистон Президенти администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори Асаджон Хўжаев Бокуда Озарбайжон миллий кутубхонаси директори Карим Тоҳиров билан учрашиб, ахборот-кутубхоначилик соҳасини янада ривожлантириш масаласида фикр алмашган.

Эслатиб ўтамиз, икки давлат ҳукуматлари томонидан имзоланган «Гуманитар соҳада ҳамкорлик тўғрисида»ги битимда ҳам кутубхоналар ўртасида робиталарни мустаҳкамлаш белгиланган.

С.Салим

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг