Асил танлов учун асил қўшиқлар етишмагани сабабли «Зувола» муддати узайтирилди
«Ўзбекконцерт» давлат муассасасининг мажлислар залида «Зувола» асил қўшиқлар миллий танлови бўйича матбуот анжумани бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги матбуот котиби М.Асқархўжаева, «Ўзбекконцерт» давлат муассасаси ходимлари, «Зувола» асил қўшиқлар миллий танлови ҳайъат аъзолари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди.
Жорий йилнинг 25 январь куни Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳамда «Ўзбекконцерт» давлат муассасаси томонидан шоир, бастакор ҳамда хонандаларнинг ижодий ҳамкорлигини йўлга қўйиш орқали яратилган янги ва энг яхши асарлар муаллифларини моддий рағбатлантириш мақсадида «Зувола» асил қўшиқлар миллий танлови эълон қилинган эди.
Танлов учун Тошкент шаҳри ва вилоятларда ижод қилиб келаётган ижодкорлар турли йўналишда кўплаб янги қўшиқлар йўллашди ва улар орасидан танловда қатнашишга саралаб олинди. Жумладан, 2018 йилнинг 27 январидан 15 февралига қадар танловда иштирок этиш учун кўрсатилган манзилга 2500 га яқин қўшиқлар тақдим этилди.
Мазкур танлов юзасидан шу кунга қадар бир неча маротаба ҳайъат аъзолари йиғилишлари ташкил этилди. Бунда шоирлар, бастакорлар, ҳамда хонандалар томонидан танловга юборилган қўшиқларнинг матни, мусиқаси ҳамда хонандаларнинг ижро маҳоратига катта этибор қаратилиб, саралаб олинди.
Матбуот анжуманини Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги матбуот котиби М.Асқархўжаева очиб берди ва танлов ҳақида умумий маълумотлар ҳақида тўхталиб ўтди. Унга кўра, танлов эълон қилинган жорий йилнинг 25 январь санасидан то танлов якунланиши назарда тутилган 15 февралга қадар келиб тушган 2500 та қўшиқ орасидан кучли йигирматалик учун фақатгина тўртта қўшиқ танлаб олинган. Нисбатан яхши дея эътироф этилган 15 та қўшиқ эса танловнинг рағбатлантирувчи мукофотлари учун мўлжалланган 30 та қўшиқ сафига киритилган.
Шу сабабли танлов ташкилотчилари танлов муддати узайтирилганини маълум қилишди. «Зувола» асил қўшиқлар миллий танлови жорий йилнинг 20 май куни 20:20 гача давом этади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter