Зангиотада даволанаётган беморлар сони маълум қилинди
Зангиота 1-сон юқумли касалликлар шифохонасидаги ПЗР тест тасдиқланган ва пневмонияга чалинган 737 нафар бемор даволанмоқда. Бу ҳақда ССВ матбуот хизмати хабар берди.
Зангиота 1-сон юқумли касалликлар шифохонаси директори Анвар Ҳусановнинг сўзларига кўра, сўнгги 10 кун ичида муассасага ўрта ҳисобда ҳар куни 85 нафар бемор қабул қилиниб, кунига уларнинг ўртача 63 нафари соғаймоқда.
Қайд этилишича, айни пайтда шифохонага мурожаат қилаётганларни турли ёш тоифасидаги инсонлар ташкил этмоқда. Қолаверса, муассасанинг жонлантириш бўлимида муолажа олаётган оғир ва ўта оғир аҳволдаги беморлар орасида болалар, ёшлар ва катта ёшдаги инсонлар ҳам бор. Қайд этилишича, уларнинг кўпчилиги коронавирусга қарши эмланмаган.
«Пойтахтимизнинг Мирзо Улуғбек туманида яшовчи 68 ёшли Б.Н. ана шундай беморлардан. Ўз вақтида вакцина олмагани сабабли 2021 йил 24 ноябрда коронавирус касаллигининг оғир кечиши билан ушбу шифохонага олиб келинган. Ёндош хасталиклари бўлгани боис кейинчалик реанимация бўлимига ўтказилган», — дейди у.
Зангиота 1-сон юқумли касалликлар шифохонаси директори ўринбосари Ҳилола Алимованинг айтишича, шу кунгача касалхонада даволанган беморлар орасида вакцина олган 531 нафар беморнинг 509 нафарида (96 фоиз) касаллик енгил ва ўрта оғир даражада кечган. «Қолган 22 нафарида касаллик нисбатан оғир ўтган. Бунга эса уларнинг аксарияти катта ёшли экани, шу билан бирга, юрак етишмовчилиги, гипертония, қандли диабет каби ёндош касалликлари борлиги сабабдир», — дея таъкидлайди у.
Алимованинг сўзларига кўра, эмлангандан сўнг шаклланган иммунитет касалликни ўтказгандан кейинги ҳимоядан яхшироқ. Сабаби эмлашда нейтралловчи антитаначаларнинг миқдори касаллик ўтказгандан кейин шаклланадиган антитаначалар миқдоридан анча юқори бўлади.
«Қолаверса, вакцина олмаган инсонларда хасталикнинг оғир кечиши ва ўлим ҳолати кузатилишидан ташқари, узоқ муддатли нафас олиш, юрак қон-томир тизими ҳамда бош миянинг шикастланиши давом этиши мумкин. Шу сабабли шифокор сифатида юртдошларимизга касалликка қарши вакцина олишни тавсия қиламан», — дейди у.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter