Хивада ДХМ янги бинога кўчди. Шуни дабдаба қилиш шартмиди?
24 апрель – Моҳи Рамазоннинг илк кунида Xива туман Давлат хизматлари маркази ходимлари янги қурилган замонавий бинога кўчиб ўтгани хабари берилди.
Хабар маҳаллий аҳолини қувонтириши аниқ: давлат хизматлари марказлари аҳоли оғирини енгил қилаётир. Янги бинода хизмат сифатини ҳам, самарадорлигини ҳам ошишига шубҳа кам. Хабарга илова қилинган суратларни кўриб, одам энтикиб кетиши мумкин. Йўқ, бинонинг савлатидан эмас, балки очилиш маросимига йиғилганлардан. Уларни кўриб, хаёлга келадиган савол битта: нима, Хивадан каратин чекловлари бекор қилинганми?
Янги бинонинг очилиш маросимида иштирок этганларнинг юзида ниқоб борлигини айтмаса, Хивада карантин чекловлари жорий қилинган-қилмаганини билиб бўлмайди гўё. Йўқса, ҳозирги шароитда битта марказ биноси очилиши шунча дабдаба қилинармиди? Тадбир иштирокчиларини айтинг: масофа сақлаш қоидасини умрида эшитмагандек… Барча жойларда овқатланиш шохобчалари тақа-тақ беркитилган бир паллада (суратда) икки нафар қизалоқ нон кўтариб турибди. Унга тадбир қатнашчиларидан бири қўл узатаётганини айтинг...
Бинонинг очилишида Хоразм вилоят ҳокими Ф.Эрманов, туман ҳокими О.Матяқубов шахсан иштирок этгани тадбирда қатнашганларнинг бирортаси каратин қоидаларини бузганликда айбланиб, жавобгарликка тортилмаслигига кафолатдек. Чунки, шу чоққача саксон мингдан ортиқ фуқаро эпидемияга қарши курашиш қоидаларини бузгани учун маъмурий жавобгарликка тортилган бўлса, улар орасида бирорта ҳоким ёки каттароқ мансабдор йўқ. Улар қоидага қатъий риоя этяпти-да, десак, мана, бугунги аҳволни кўриб турибсиз...
Дарвоқе, тадбирга оқсоқоллар ҳам иштирок этгани кўринади. Бу эса ҳоким иштирок этадиган тадбирда ёш-у қари тортқилаб келтирилгандек тасаввур уйғотади одамда. Ахир, ёши кекса кишиларнинг ўз уйларидан ўта заруратсиз ташқарига чиқиши қатъиян ман этилмаганмиди?
Тўғри, карантин дегани – бу ҳаёт тўхтаб туради дегани эмас. Бунда инсон омилига хизмат қиладиган ҳар қандай фаолият давом эттирилиши керак. Шунингдек, янги биноларни ишга тушириш ҳам катта аҳамиятга эга. Бироқ уни оғир ва синовли кунларда қарсакбозлик учун одамларни тўплаб, тасма кесмасдан ҳам очиш мумкин эди-ку.
Биз тадбирларни ҳам оддий ва ихчамгина ўтказишни қачон ўрганамиз? Ё бунга анча қовун пишиғи борми?
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter