Хитойлик олимлар COVID-19дан тузалгандан кейин ҳам юзага чиқувчи асоратларни аниқлашди
Коронавирусни бошидан ўтказган кўпгина беморлар аҳволи ёмонлагидан шикоят қилишмоқда. Хитойлик тиббиёт ходимлари томонидан ўтказилган тадқиқот натижаларига кўра, тузалгач соғлиқ билан боғлиқ муаммолар ярим йилдан кейин ҳам қайталанмоқда, дея хабар берди «China daily» нашри.
Тадқиқотда 7 январдан 29 майгача COVID-19дан тузалган 1733 нафар бемор иштирок этган.
Мутахассисларнинг маълум қилишича, одамларни кўпроқ чарчоқ, мушаклардаги қувватсизлик, ваҳима ошиши ва уйқу билан боғлиқ муаммолар безовта қиляпти.
Фуқаролар тузалгандан сўнг ўртача ярим йил ўтгач нохушликни ҳис қила бошлайдилар, дея таъкидлашди хитойлик шифокорлар. Сўровнома иштирокчиларининг қарийб 50%ида ваҳима пайдо бўлган, 20%ида эса психологик муаммо аломатлари келиб чиққан.
Пекиндаги Хитой-Япон дўстлик госпитали бош шифокори ўринбосари Цао Биннинг сўзларига кўра, ушбу тадқиқот натижалари касалликка чалинганларни даволаш усуллари, дорилар, вакциналар ишлаб чиқиш учун ниҳоятда фойдали. Боз устига, бундай маълумотлар коронавируснинг янгидан тарқалишини аниқлаш учун зарур.
Мутахассис коронавирусни бошидан ўтказганларга аҳволини тезроқ яхшилаши учун спорт билан шуғулланишни бошлашни, ичиш ва чекишни ташлашни, парҳез ва тўғри овқатланиш қоидаларига амал қилишни маслаҳат берди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter