Саксония морглари ўликларга тўлиб кетди
Германиянинг Саксония федерал еридаги шифохоналарнинг моргларида COVID-19дан вафот этганлар учун жой етмай қолди, дея хабар берди «Bild» таблоиди.
Нашрнинг маълум қилишича, шифохоналарда, энг аввало, шарқий Саксонияда бир неча кундан бери фавқулодда ҳолат ҳукм сурмоқда. Гёрлиц округида деярли барча интенсив терапия ётоқлари банд қилинган.
«Клиникаларда вафот этган қариндошлари билан хайрлашиш учун махсус жойлар ажратилган. Шунингдек, шифохоналар Гёрлиц округидаги крематория ва дафн маросимлари бюроси билан яқин алоқа ўрнатган: уларнинг ҳам музхоналари бор», деди туман вакили «Bild» нашрига. Шу билан бирга, у марҳумларнинг майитига доимо ҳурмат билан муносабатда бўлишларини таъкидлади.
Гёрлиц шифохоналарининг ҳар бирида вафот этганлар учун 6 тадан 15 тагача совитиш хоналари мавжуд. Аммо ўлим ҳолати ошган ҳозирги шароитда шифохоналар мурдаларни жойлаштиришга имкон тополмай қолишяпти.
Айни пайтда, «Bild» хабарига кўра, вазият яна назоратга олинган. Аммо келгусида бундай муаммоларга дуч келмаслик учун округ маъмурлари ФҲДЁ идораларидан ўлим тўғрисидаги гувоҳномаларни ўз вақтида беришларини сўрашмоқда.
Германияда коронавирусга чалинганлар сони бир кунда 12 332 кишига кўпайди, яна 147 бемор COVID-19дан вафот этди, дея маълум қилди Германия Соғлиқни сақлаш вазирлиги таркибига кирувчи ва мамлакатда COVID-19 билан касалланиш статистикасини юритувчи Роберт Кох институти. Саксонияда коронавирус бўйича энг қийин вазиятлардан бири юзага келган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter