Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Саида Раметова оғир дардга чалинган турмуш ўртоғи ҳақида гапириб берди

Саида Раметова оғир дардга чалинган турмуш ўртоғи ҳақида гапириб берди

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, театр ва кино актёри Жумадулла Раметовнинг альцгеймер хасталигига чалингани ҳақида видео ва гап-сўзлар тарқалган эди. Хўш, бугун унинг соғлиғи қандай?

– Ҳозир аҳволлари жуда яхши, – дейди актёрнинг турмуш ўртоғи, актриса Саида Раметова. – Мен эрта-индин у кишини видеога олиб, мухлисларга тарқатишни ният қилиб тургандим. Мухлисларнинг дуоси билан анча яхши, Худога шукр.

Жумадулла Раметовнинг альцгеймер касалига учрашига, асосан, ковид сабаб бўлган. Актёр икки йил муқаддам шу хасталик туфайли 15 кун ётиб қолди. Ўшанда унинг синглиси, учта куёви, қайнопаси вафот этди. Ана шу сабаблар, ҳаммаси таъсир қилиб, актёр депрессияга тушди. Хотира сусайиши эндигина бошланаётган эди, ковид кучайтириб юборди.

– Санаторий, шифохона, дўхтир борми, табиб борми, икки йилдан буён ҳаммасига олиб бордик, – дейди Саида опа. – Худога шукр, ҳозир анча ўзгариш бор. Тунов куни дўхтирга кўрсатган эдик. «Натижа жуда яхши», дейишди.

Маълумот учун: Альцгеймер илк бор 1907 йилда немис психиатри Алоис Альцгеймер томонидан илмий тавсифланган. Одатда, 65 ёшдан катталарда учрайди, бироқ унга эрта дучор бўлганлар ҳам бор. Альцгеймер – касалликнинг кам учрайдиган шакли. 2006 йилда у билан оғриганлар сони 26,6 миллион нафар эди, 2050 йилда бундай беморлар сони тўрт баравар ўсиши мумкин.

Альцгеймер касали билан оғриган беморнинг ёнида доимий равишда қаровчиси бўлиши керак.

– Мен иккита қаровчи қўйганман, – дейди Саида Раметова. – Шу гал дўхтир тайинлаганида холам билан қизини олиб келдим. Ўзимиз ҳам қараймиз. Бизни қўллаганларга раҳмат. Театрдагилар, директор, ўринбосар, ҳаммалари келиб кетишди. Ёрдам беришади, пенсия, ойлик маошларини ўтказишади. Жумадулла ака, йўқ, олмайман, менинг виждоним қийналади, деб кўнмасалар ҳам топширишди. Ҳали ишга қайтасиз, деб далда беришади.

Жумадулла Раметов санъатда 45 йил фаолият кўрсатди, ишига хиёнат қилмади. Санъат – унинг ҳаёти мазмуни.

Хўш, Раметов альцгеймердан қанчалик даво топди ўзи?

– Эллик-олтмиш фоиз ўзгариш бор, дейишди. Натижа жудаям зўр, – дейди Саида Раметова.

Актёр учун хотира йўқолиши жуда аянчли ҳол. У саҳнага чиқишдан қўрқади, матн эсидан чиқади. Бу ҳам ковид асорати. Буёғи Худодан, қолганини вақт кўрсатади.

– Афсуски, битта опамдан, қайнсинглим ва жуда кўп дўстларимиздан айрилдик, ковид туфайли, – давом этди Саида опа. – Жойлари жаннатда бўлсин. Ўзимнинг соғлиғимга келсак, тўлиқ тузалиб кетдим. Тиббий текширувдан ўтдим, врачлар роса мақташди. Шундай давом эттиринг, дейишди. Худога шукр, дейман. Соғлиғиғингизни асранглар, тинчликнинг қадрига етинглар. Мен касал бўлганимда ҳам шукр қилдим. Аллоҳим, шу дардни бердингми, шифосини ҳам Ўзинг бергин. Синовларингдан Ўзинг эсон-омон ўтказгин, дедим. Худога шукр, ҳамма синовлардан ўтказди. Жумадулла ака ҳам анча яхши. Бу кўпчиликнинг дуоси билан. Мухлисларимизга, халқимизга раҳмат.

Акбар Фатҳуллаев

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг