Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Пандемия даврида солиқ имтиёзларлари узайтирилади

Пандемия даврида солиқ имтиёзларлари узайтирилади

Фото: «Xabar.uz»

«Коронавирус пандемиясининг салбий таъсирини камайтириш учун аҳоли, тадбиркорлик субъектлари, умумий овқатланиш, савдо ва хизматлар соҳасини қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида» Президент Фармони қабул қилингани ҳақида хабар берилганди.

Фармонга мувофиқ, 2020 йилда Солиқ қўмитаси томонидан белгиланган ҳолларда, солиқ тўловчиларга солиқ ҳисоботларини тақдим этиш муддатларини 5 кундан кўп бўлмаган муддатга кечиктирганлик учун жарима солинмайди.

Президентнинг 2020 йил 18 майдаги ПФ–5996-сон Фармонида белгиланган қуйидаги солиқ имтиёзлари ва преференциялари 2020 йил 31 декабрга қадар узайтирилади:

  • мол-мулк солиғи ва ер солиғини тўлашдан озод қилиш бўйича берилган имтиёзлар:

➖ кичик тадбиркорлик субъектлари;

➖ бозорлар ва савдо комплекслари, кинотеатрлар, умумий овқатланиш корхоналари, жамоат транспорти корхоналари, спорт-соғломлаштириш муассасалари, шунингдек, йўловчи ташиш, маиший хизматлар кўрсатиш, биноларни, шу жумладан банкетлар ўтказиш учун ижарага бериш фаолияти билан шуғулланувчи юридик шахслар учун;

  • ижтимоий солиқ ставкасини 12 фоиздан 1 фоизга пасайтириш бўйича микрофирма ва кичик корхоналар учун берилган имтиёзлар;
  • божхона органларига мурожаат қилган кунгача 1 йилдан кам бўлмаган муддат давомида ташқи иқтисодий фаолиятни амалга ошираётган микрофирма ва кичик корхоналарга, кейинчалик кечиктирилган суммани 120 кун мобайнида тенг улушларда тўлаш шарти билан, товарларни олиб киришда ундириладиган божхона божи ва акциз солиғини тўлаш муддатини кечиктириш тақдим этиш;
  • микрофирма ва кичик корхоналарда 2020 йил 15 май ҳолатига солиқлар, пенялар ва солиқ қонунчилигини бузганлик учун ҳисобланган жарималар бўйича мавжуд бўлган қарздорликни ундиришни тўхтатиш.

Умумий овқатланиш корхоналари ижтимоий солиқнинг пасайтирилган ставкасини ишчиларнинг сонидан қатъи назар қўллайди.

Аудиторлар, риэлторлар, баҳоловчилар, актуарийлар, аптека ва уларнинг филиаллари мудирлари, туристик ташкилотларнинг ишчилари ва гидлар (экскурсоводлар), хорижий тилларга ўқитувчиларнинг 2020 йил 1 мартда тугайдиган малакавий сертификатлари муддатини навбатдаги малакавий имтиҳонларни ўтказиш санасига қадар узайтирилади.

«Маҳалла» хайрия жамоат фонди, «Саховат ва кўмак» фонди, «Ўзбекистон меҳр-шафқат ва саломатлик» жамоат фондига, шу жумладан уларнинг ҳудудий  бўлинмаларига беғараз ёрдам бериш қисмида фойда солиғи, қўшилган қиймат солиғи, айланмадан олинадиган солиқ ва жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи бўйича имтиёзларнинг амал қилиши 2020 йил 31 декабрга қадар узайтирилади.

2021 йил 1 июлга қадар умумий овқатланиш корхоналари карантин чекловларининг бекор қилинишига қараб Ҳукумат томонидан ўрнатилган  талабларга риоя қилган ҳолда ҳамда ҳокимликларни хабардор қилиш орқали ўзларига туташ бўш ер участкаларида енгил конструкцияларни бепул жойлаштириш ва қуриш ҳуқуқига эга бўлади.

2021 йил 1 июлга қадар карантин чекловларининг бекор қилинишига қараб тадбиркорларга ҳокимият органлари билан шартнома тузмасдан солиқ органларини хабардор қилиш орқали автодўкон, автомагазин, автотиркама, автоцистерна ва фудтраклар орқали савдо қилиш ҳуқуқи берилади.

Давлат солиқ қўмитаси ўзининг расмий сайти ва мобиль иловалар орқали кўчма савдони бошлаш тўғрисида электрон хабарномаларни бепул қабул қилишни таъминлаши белгиланди.

Шунингдек, умумий овқатланиш корхоналарида истеъмолчиларга овқатланиш ёки хордиқ чиқариш хизматларини кўрсатиш учун енгил конструкцияларни жойлаштириш, қуриш ва улардан фойдаланиш бўйича вақтинчалик талаблар тасдиқланади.

2021 йил 1 январга қадар умумий овқатланиш корхоналарининг мавсумий кафелари ишлаши, шунингдек, кўчма савдони амалга ошириш тартиби тасдиқланади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг