Ўзбекистонга AstraZeneca вакцинасининг 660 минг дозаси келтирилди
Бугун тунда мамлакатимизга COVAC механизми доирасида Ҳиндистонда ишлаб чиқарилган коронавирусга қарши AstraZeneca вакцинасининг 660 минг дозадан иборат дастлабки партияси етиб келди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.
Буюк Британиянинг шу номли фирмаси муаллифлигида яратилган мазкур эмлаш воситасини Ўзбекистонга беғараз ёрдам тарзида олиб келишда ЮНИСЕФ бош етказиб берувчи ҳисобланади. Ушбу тузилма бугунги кунда дунёнинг жами 100 га яқин давлатига вакцина етказиб бермоқда.
Амалга оширилаётган лойиҳанинг биринчи босқичида май ойида кейинги партияни олиб келиш мўлжалланган. Умуман, 2.3 миллион дозани ташкил этадиган ушбу босқич орқали эмланиши мумкин бўлган аҳолининг қарийб 3 фоизи қамраб олинади. Вакцинация жараёнида, аввало, тиббиёт ходимлари эътиборга олинади, чунки улар бевосита коронавирусга учраган беморлар билан яқин муносабатда бўлишади. Сўнгра навбат ёши 70 дан ошган фуқароларга берилади.
Қайд этилишича, бугунги кунда мамлакатимизда аҳолини вакцинация қилиш учун барча зарур тайёргарлик ишлари амалга оширилган. Жумладан, 3168 та вакцинация пунктлари ташкил қилинди. Бундан ташқари 800 дан ортиқ мобил бригада тузилди. Аҳоли мавжуд хавф эҳтимолига кўра муайян гуруҳларга бўлиб чиқилган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter