Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Олимлар вакцина олиш учун соғ одамларга коронавирус юқтиришмоқчи

Олимлар вакцина олиш учун соғ одамларга коронавирус юқтиришмоқчи

Фото: «Pixabay»

Буюк Британия соғ одамларга коронавирус атайин юқтирилган илк мамлакат бўлиши мумкин. Британ олимлари 90 нафар кишига касалликни юқтириш ҳисобига таъсирчан вакцинани тезроқ ишлаб чиқишга умид қилишмоқда.

ВВС хабарида синовлар 2021 йилнинг январидан бошланиши эҳтимоли айтилади. Ҳукумат лойиҳага 33,6 млн. фунт стерлинг ажратиши кутиляпти. Экспертлар бош мақсад хавфсизлик бўлишини талаб қилишмоқда. Бу йўсиндаги синовларни ўтказиш қанчалик мақсадга мувофиқлигини тегишли ташкилотлар ўз имзоси билан тасдиқлаши керак.

Олимларга рухсат бўлса кифоя, уларнинг таъкидлашича, «коронавирусни юқтириш усули» вакцина яратиш ва уни синовдан ўтказиш ишларини анча жонлантириб юборади. Уларнинг режасига кўра, кўнгиллиларга вирус дозалаб юқтирилади, яъни шу тарзда 18 ёшдан 30 ёшгача бўлганлар касаланиши учун вирус дозасининг энг кам миқдори қанча бўлишини аниқлаб олишмоқчи. Синовга олинганларга вирус бурун йўли орқали юқтирилади ва улар кечаю кундуз назорат остида бўлади. Олимлар олинган натижаларга қараб вакцинанинг самарадорлигини текшириб кўришлари, камчиликларини тўлдиришлари мумкин бўлади.

«Жамоам респиратор вируслари билан шуғулланаётганига 10 йилдан ошди. Ҳеч бир тадқиқот мутлақ хавфсиз эмас, бироқ «Human Challenge» дастурининг ҳамкорлари хавф даражаси имкон қадар паст бўлиши учун тинмай меҳнат қилишади», — деди етакчи тадқиқотчи, доктор Кри Чиу.

Жалб этилган 90 нафар кўнгилли синовдан сўнг ҳам, ҳар хил асоратлар пайдо бўлган-бўлмаганини текшириш учун, бир йил давомида кузатув остида бўлади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг