Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Қозоғистон пойтахти карантинга киради

Қозоғистон пойтахти карантинга киради

Фото: «Sportsdaily.ru»

Қизил зонада жойлашган Нурсултон шаҳрида якшанба — 21 мартдан локдаун жорий этилади. Бу ҳақда «Zakon.kz» хабар берди.

Қозоғистон пойтахтида якшанбадан бошлаб савдо марказлари, савдо уйлари (уларда жойлашган дорихоналар, озиқ-овқат ва кундалик эҳтиёж моллари билан савдо қилувчи дўконлари бундан мустасно), ёпиқ ноозиқ-овқат бозорлари, ёпиқ спорт иншоотлари, аҳолига хизмат кўрсатувчи марказлар, «Қозоғистон почтаси» АЖ алоқа бўлимлари ишлаши тақиқланади.

Шунингдек, якшанба куни жамоат транспорти тўхтатилади — дезинфекция ишлари олиб борилади.

Шанба ва якшанба кунлари фитнес-марказлар, фитнес-клублар, спорт-соғломлаштириш объектлари, сауналар, СПА-марказлари ҳам ёпилади.

Нурсултонда эпидемиологик вазият барқарор эмас. Ўтган байрамдан бери коронавирус тарқалиши кундан-кунга кўпаймоқда. Шу муносабат билан 18 мартдан қўшимча карантин чоралари белгиланади. Наврўз байрамига аталган оммавий тадбирлар ўтказиш тақиқланади. Вирус тарқалмаслиги учун санитария қоидаларига риоя этиш: ниқоб тақиш, масофани сақлаш тавсия этилмоқда.

Шаҳар бош санитар-врачи С.Бейсенованинг таъкидлашича, 18 мартдан умумий овқатланиш объектлари (ресторанлар, кафелар, барлар, ошхоналар) иш вақти қисқартирилади: иш кунлари ва дам олиш кунлари эрталаб соат 07:00 дан кечки соат 22:00 гача белгиланади.

Бундан ташқари, 18 мартдан Қозоғистон пойтахтидаги кинотеатрлар ва кинорумлар тўлиқ ёпилади.

Маълумот учун: кеча, 15 март куни Қозоғистонда 1011 кишида коронавирус аниқланган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг