Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Нурмат Отабеков касаллик ўзида қандай кечганини гапириб берди

Нурмат Отабеков касаллик ўзида қандай кечганини гапириб берди

Фото: «Xabar.uz»

Ўзбекистон бош давлат санитария инспектори, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик назорат давлат инспекцияси бошлиғи Нурмат Отабеков коронавирусдан даволаниб чиққанидан сўнг ўзида кечирган ҳолатлар ҳақида «Shifobaxshuz» телеграм каналига маълум қилди.

Отабековнинг маълум қилишича, у тана ҳароратини кўтарилиши белгилари билан шифохонага ётқизилган.

«Мен коронавирусга чалинганлигимни 28 июль куни билдим. Икки маротаба лаборатория текшируви мусбат натижа берди. Дастлабки саккиз кун давомида менда жиддий клиник белгилар кузатилгани йўқ. Бироқ шифохонага ётганимнинг саккизинчи кунидан бошлаб пневмония белгилари кузатила бошлади ва олти кун давомида нафас етишмовчилиги билан боғлиқ клиник белгилари кузатилди. Рентген ва мультиспирал компьютер томография текширувлари ўпкамнинг 50 фоизида яллиғланиш борлигини кўрсатди. Касалликнинг 14-15 кунларига бориб ҳид ва таъм билиш белгиларининг йўқолиши намоён бўла бошлади. Айниқса, аччиқни сезиш кескин камайганини сездим. Лекин туз ва ширинликни таъмини сезиш имконияти сақланиб қолди», – деди профессор.

Суҳбат давомида Бош давлат санитария инспектори касалликнинг клиник белгиларини барчасини ўзимда кузатилганини айтиб ўтди.

«Шифохонада 21 кун даволаниш баробарида, ўтган тўрт ой давомида касалликнинг клиник белгилари бўйича нималарни аҳолига гапириб берган бўлсам, барчасини ўзимда кузатдим. Ҳолсизланиш, терлаш, тана ҳароратини кўтарилиши, ҳид ва таъм билишнинг пасайиши, нафас олишдаги муаммолар, ичак фаолиятининг бузилиши кабиларнинг барчасини ўзимда кузатдим. Менда шунақанги тушунча пайдо бўлдики, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти касаллик ташҳисоти, даволаш усуллари ва профилактикаси бўйича берган тавсияларининг ҳаммаси ўринли ва асосланган», – деди Санитария-эпидемиологик назорат давлат инспекцияси бошлиғи.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг