Ниҳоят, COVID-19 сабабини ўрганувчиларнинг Хитойга бориш санаси маълум бўлди

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) мутахассислари коронавирус келиб чиқиш сабабини ўрганиш учун пайшанба, 14 январь куни Хитойга боришади. Бу ҳақда Хитой Халқ Республикаси Соғлиқни сақлаш миллий комиссияси маълум қилди, тегишли баёнот расмий веб-сайтда эълон қилинди.
Идоранинг маълумотларига кўра, мутахассисларнинг бориш санаси икки томонлама келишувлардан сўнг бир тўхтамга келинган. Халқаро экспертлар хитойлик ҳамкасблари билан биргаликда COVID-19нинг келиб чиқишини ўрганадилар.
Аввалроқ ЖССТ раҳбари Тедрос Аданом Гебрейесус ташкилот мутахассислари коронавирус келиб чиқишини текшириш учун Хитойга киришда тўсқинликка дуч келаётганлиги ҳақида хабар берган эдик. У Хитой ҳукуматини мутахассисларнинг Хитойга кириши учун зарур рухсатномаларни расмийлаштирмаганликда айблади. ЖССТ раҳбари ушбу муаммони Хитой расмийлари билан аллақачон муҳокама қилганини ва Пекин зарур рухсатномаларни бериш тартибини тезлаштириши ҳақида кафолат олганини айтди.
Янги турдаги коронавирус чақирган COVID-19 пневмонияси илк бор 2019 йил охирида Хитойнинг Ухань шаҳрида қайд этилди. 2020 йил 11 мартда ЖССТ пандемияни эълон қилди. 2021 йил 11 январга келиб дунёда коронавирус инфекциясига чалинганлар сони 90 миллиондан ошди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter