Коронавируснинг энг кўп учрайдиган аломати йўтал ва иситма бўлмаса, унда нима?
Коронавирусга тест натижаси мусбат чиққан одамларда ҳид ва таъм билиш қобилиятининг йўқолиши энг кўп қайд этилган, дея хабар берди Британиянинг «The Mirror» нашри.
Буюк Британия Миллий статистика бошқармаси маълумотига кўра, йўтал эмас, айнан шу аломат коронавирусга тест натижаси мусбат чиққан барча ёшдаги одамларда кўпроқ учрамоқда.
«Иситма ва қуруқ йўталдан эҳтиёт бўлинг деган огоҳлантиришлардан олдин одамлар ҳид ва таъм билиш қобилиятини йўқотгани ҳақидаги хабарлар тарқалди», — дейилади хабарда.
15 августдан 26 октябргача олинган маълумотларга кўра, 35 ёшдан ошган беморлар 20–40%и аносмия, 15–25%и юқори тана ҳарорати, 13–18%и йўталдан шикоят қилишган. Ёш беморлар орасида аносмия кўрсаткичи 60%гача етган.
Бундан ташқари, олимлар «King's College» дастури маълумотларига таяниб болалар ва катталар коронавирусни турлича ўтказишини аниқлашди — COVID-19га тест натижаси мусбат чиққан 52% мактаб ўқувчиларида касалликнинг «катталарга хос аломатлари» қайд этилмаган.
Кеча, яъни 24 ноябрь куни америкалик олимлар коронавируснинг яна бир эрта аломатини аниқлашгани ҳақида хабар бергандик. АҚШ Миллий соғлиқни сақлаш институти ўтказган тадқиқот натижаларига кўра, COVID-19 касаллигининг эрта босқичларида бемор ҳид билиш эпителийларининг шикастланиши туфайли оғизда металл таъмини сезиши мумкин.
Шунга қарамай, Англия Миллий соғлиқни сақлаш хизмати (NHS) оғиздаги металл таъми одатда хавфли эмас, лекин шамоллаш ёки дори қабул қилиш натижасида милк касалликлари, назаль ёки респираторли инфекциялар аломати бўлиши мумкинлигини таъкидлади.
Нима бўлганда ҳам, ташхис қўйиш учун албатта шифокорга мурожаат қилиш керак.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter