Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Коронавирусдан эркаклар кўпроқ вафот этмоқда. Шифокорлар бунинг сабабини топишди

Коронавирусдан эркаклар кўпроқ вафот этмоқда. Шифокорлар бунинг сабабини топишди

Фото: «Chine Nouvelle»

Коронавирусдан аёлларга қараганда эркаклар кўпроқ ўлим топмоқда. Мазкур кўрсаткич минтақа ва мамлакатлар бўйича фарқланади. Масалан, Жанубий Кореяда COVID-19 инфекциясидан вафот этганларнинг 54 фоизини эркаклар ташкил этади, Италияда эса бу кўрсаткич бирмунча юқори —70 фоиз. Рақамларда тафовут бўлиши мумкин, аммо умумий манзара бир: кучли жинс вакиллари нозиқ хилқат эгаларига қараганда вирусдан кўпроқ азият чекмоқда. Ушбу ҳолат Global Health 50/50 ташкилоти томонидан илмий асосда тадқиқ этилди

Америкалик мутахассисларга кўра, эркаклар аксар носоғлом турмуш тарзига одатланган. Улар аёлларга қараганда кўпроқ чекади, спиртли ичимлик истеъмол қилади. Бу эса уларнинг инфекцияга қарши иммунитетини заифлаштиради. Масалан, Хитойда тамаки чекиш кўрсаткичи эркаклар орасида 50, аёллар орасида эса 3 фоизни ташкил этади. Италияда ҳам эркак кашандалар икки баравар зиёдроқ. Таҳлилларга кўра, COVID-19 инфекциясини юқтирган кўп сонли эркаклар чекиш иллати туфайли жуда тез фурсатда сунъий нафас олдириш ускунасига эҳтиёж сезмоқда.

Коронавирус ўпка, юрак-қон томир каби сурункали касалликларга чалинган беморлар ўлимини тезлаштираётгани сир эмас. Ушбу хасталиклар эса асосан эркаклар орасида тарқалган. Дейлик, Италияда эркаклар аёлларга қараганда қон босими хасталигига кўпроқ чалинади. Хитойлик эркаклар эса қандли диабетга мойил. Бу каби омиллар COVID-19 инфекцияси асоратлари жуда оғир кечишига сабаб бўлмоқда.

Соҳа мутахассисларига кўра, аввалроқ тарқалган SARS, MERS каби вируслар ҳам кўпроқ эркаклар ҳаётига дахл қилган. Бу ҳолат аёлларнинг иммун тизими мустаҳкамлиги билан ҳам изоҳланади. Аёллар насл давомчилари бўлгани боис Яратган уларга бир неча баробар кучли иммун тизими ато этган.

Global Health 50/50 хулосасига кўра, дунё бўйича коронавирусдан вафот этаётган эркаклар аёллардан икки карра кўпроқдир. Мутахассислар гендер бўйича кўрсаткичлар даволаш-муолажа жараёнида муҳим аҳамият касб этишини таъкидлайди. 

С.Салим

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг