Коронавирус ёки гриппда антибиотикларни қабул қилиш қанчалик тўғри?
Соғлиқни сақлаш вазирлиги жамоатчилик билан алоқалар бўлими Коронавирусга қарши курашиш штаби аъзоси, тиббиёт фанлари номзоди Севара Убайдуллева билан суҳбат уюштирди.
– Коронавирус ёки гриппга чалинганда тезроқ тузалиш мақсадида антибиотикларни ўз билганича қабул қилиш тўғрими?
– Нотўғри. Гриппда ҳам, коронавирусда ҳам касаллик чақирувчиси вирусдир. Бу икки касалликда хасталикнинг бошланишидан антибиотикларни қабул қилиш икки касалликнинг ҳам асоратланишини келтириб чиқаради.
Антибиотиклар ҳеч қачон вирусларга таъсир қилмаган, уларнинг таъсирида организм учун керакли бўлган микроорганизмлар ҳалок бўлади. Қонда керакли микроэлементлар парчаланишини ва организмдан чиқиб кетишини кучайтиради. Бу эса, ўз навбатида, инсон организмида иммунтанқис ҳолатни келтириб чиқаради ва организмга қўшимча бошқа инфекциялар қўшилган ҳолда бошқа юқумли касалликлар ривожланишини келтириб чиқаради.
– Антибиотикларни қабул қилишнинг меъёр ва тартиблари борми?
– Албатта, антибиотиклар тартиб билан ўз ўрнида қўлланилиши керак. Антибиотикларни тавсия қилиш учун, инсон организмининг суюқликларидан бактериологик экмага топширилади. Унинг натижасида ўсиб чиқадиган инфекцияга қарши таъсир этувчи антибиотик тури белгиланганига қараб антибиотикларнинг аниқ бирини тавсия қилиш мақсадга мувофиқдир.
Тўғри, бактериологик экмалар жавобининг чиқиши 4-5 кунни ташкил қилади. Ушбу даврга қадар, Соғлиқни сақлаш вазирлигининг ҳар бир касалликда эмперик ҳолатда биринчи 3-5 кунга тавсия этиладиган антибиотиклар рўйхати мавжуд. Уларни бирламчи тавсия этган ҳолда, кейин эса, айнан бактериологик экма жавобига асосан мақсадли антиотиклар тавсия қилиниши, инфекцияга тўғридан тўғри даво чораси ҳисобланади.
Шу ўринда грипп ёки коронавирус касалликларида қачондан бошлаб антибиотикларни қабул қилиш керак, деган савол туғилиши табиий. Агарда касалликнинг ўткир даври 5-7 кун ўтганидан сўнг, яна қайта иситма кўтарилса, унда қонда лейкоцитоз, с-реактив оқсилнинг юқорилиги кузатилса ва бактериологик экмада бактериялар ўсиб чиқса, шу вақтда антибиотикларни тавсия этиш мақсадга мувофиқ ҳисобланади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter