Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Коронавирус чекиняптими? Таниқли вирусолог тадқиқот натижаларини маълум қилди

Коронавирус чекиняптими? Таниқли вирусолог тадқиқот натижаларини маълум қилди

Массимо Клементи.

Фото: «QdM Notizie»

Энг сўнгги илмий тадқиқотлар коронавирус кучсизланаётганини кўрсатяпти, бу эса кузда COVID-19 пандемиясининг иккинчи тўлқини қайтмаслигига умид қилишимизга замин яратади — италиялик таниқли вирусолог, Миландаги Vita-Salute San Raffaele университети проректори Массимо Клементи «РИА Новости»га шундай баёнот берди.

«Шифокорларимиз май ойидаёқ коронавирусни юқтириб касалхонага ётқизилган беморларда касаллик хуружи прогрессив пасаяётганини кузатишганди. Нафақат касаллар сони, балки интенсив терапияга муҳтож беморлар сони ҳам қисқараётганди», — таъкидлади профессор.

Клементининг айтишича, клиник манзаранинг бундай ўзгариши илмий асосни талаб қиларди, унинг қўл остидаги микробиология ва вирусология лабораторияси (Италиядаги энг йирик хусусий даволаш муассасаси — San Raffaele шифохонасига қарашли) ходимлари шу масала билан шуғулланишди.

«Кичик тадқиқот ўтказдик: 1 мартдан 15 мартгача келтирилган 100 нафар бемор ҳамда май ойининг иккинчи ярмида ётқизилган 100 нафар беморни солиштирдик. Эпидемиянинг бошланғич босқичида вирус юкламаси (муайян биологик суюқликда мавжуд вирус зарралари миқдори орқали аниқланади) май ойи охиридагига қараганда ўнлаб маротаба юқори эканини аниқладик. Бу жуда аҳамиятли натижа», — деди олим.

Клементининг фикрича, вирус юкламаси пасайиши билан кузатилаётган клиник манзара коронавирус кучсизланяпти дея тахмин қилишга асос беради. «Ҳозирча бунга тўлиқ амин бўлмасак-да, афтидан бу ҳақиқатга жуда яқин», — қўшимча қилди у.

Олим эпидемиянинг турли босқичларидаги мамлакатлардан келаётган маълумотлар ҳам вируснинг чекинаётганини кўрсатяпти деди.

Италиялик олим янги вирус тез орада кучсизланиб, худди бошқа коронавирусларга ўхшаб оддий респиратор касалликларини уйғотишдан нарига ўта олмас даражага келиб қолишига умид қилмоқда.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг