Коронавирус биринчи бўлиб қайси аъзоларни зарарлайди?
Касалликларни назорат ва профилактика қилиш маркази (CDC) мутахассисларининг маълум қилишича, ҳозирги кунда коронавирусларнинг бир қанча типлари мавжуд. Юқори нафас йўлларини зарарловчи вируслар ҳам шулар жумласидан. COVID-19 штамми янги бўлишига қарамай, у биринчи навбатда бурун билан томоққа «зарба беради».
Доктор Риши Десаининг сўзларига кўра, касалликнинг илк аломатларини шамоллаш белгилари билан адаштириб қўйиш мумкин. Жумладан, бурун битиши, тумов ва томоқда оғриқ пайдо бўлади. Бироқ вақт ўтиши билан аломатлар фарқ қила бошлайди. Асосий аломатларига юқори тана ҳарорати, доимий қуруқ йўтал, нафас сиқиши ва кўкрак қафасидаги оғриқ киради, деб ёзади «Express».
Вирус қонга тушгач, иситма, тунда кўп терлаш, лоҳаслик ва чарчоқ пайдо бўлади.
«Айрим одамларда аломатлар танасининг фақат бир томонида, баъзиларда эса бутун организмида қайд этилади», — дейди Десаи.
Одам организмининг вирусга ҳар хил реакцияси ҳақида гап кетганда шифокор иммун тизимининг ўзига хослигини таъкидлаб ўтди.
«Бунинг оқибатида айримлар COVID-19 га ўта тажовузкорона таъсир кўрсатса, бошқалар эса йўқ. Аломатлар вирус айнан қаерда жойлашганига мувофиқ келади», — дея таъкидлайди тиббиёт ходими.
Коронавируснинг бошқа аломатларига таъм ва ҳид билишни йўқотиш, тана ва қорин оғриғи, шунингдек, кўнгил айниши ва ич кетиши киради. Айрим одамлар касалликни юқтирган бўлишига қарамай, ҳеч қандай аломат кузатилмаслиги ҳам мумкин.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter