ИИВ катта ёшдагилардан бегоналарни уйга киритмасликни сўради
Ички ишлар вазирининг матбуот котиби Шоҳруҳ Ғиёсов катта ёшдагилардан бегоналарни уйга киритмасликка, хатто улар коронавирус инфекциясига қарши дезинфекция ишларини ўтказишимиз керак, деган ҳолатда ҳам ишонмасликка чорлади, чунки бу жиноят мақсадида келтирилган баҳона бўлиши мумкин.
Маълумки, коронавирус инфекциясининг кенг тарқалишига йўл қўймаслик мақсадида мамлакатимизда карантин эълон қилинди. Оммавий ахборот воситалари аҳолига нафақат касаллик, ундан қандай сақланиш ҳақида, балки бу борада олиб борилаётган чора-тадбирлар тўғрисида ҳам узлуксиз маълумотлар бериб бормоқда.
Давлат идораларининг асосий вазифаларидан бири аҳоли ўртасида саросимага йўл қўймаслик ва қисқа муддат ичида мазкур инфекциянинг тарқалишига қарши курашишдир. Бироқ шундай кимсалар борки, бундай вазиятдан ўз ғаразли мақсадлари йўлида фойдаланиб қолишга ҳаракат қилишади. Уларнинг асосий нишони аҳолининг энг заиф қатлами бўлган қария ва болалар экани ачинарли ҳолат, албатта.
Катталар ишда бўлган вақтда болалар уйда ёлғиз қолишади. Худди шундай ҳолат қариялар билан ҳам. Улар жуда ишонувчан, шу боис нопок инсонлар учун алдаш қийинчилик туғдирмаслиги мумкин.
Шунинг учун катта ёшдагилардан бегоналарни уйга киритмасликни илтимос қиламиз, хатто улар коронавирус инфекциясига қарши дезинфекция ишларини ўтказишимиз керак, деган ҳолатда ҳам ишонмасликка чорлаймиз, чунки бу жиноят мақсадида келтирилган баҳона бўлиши мумкин.
Бу каби талаб билан уйингизга бирон бир кимса келган тақдирда «102» қисқа рақамига ёки ҳудудингизда фаолият юритувчи профилактика инспекторига қўнғироқ қилишингизни сўраймиз.
Ўзингизни, ўз уйингизни ҳаётингиз ва мулкингизга тажовуз қилганлардан асранг! — дейилади ИИВ матбуот котиби хабарида.
P.S. Шу ўринда юртдошларимизга эслатиб ўтамиз:
- асосланмаган маълумотларга ишонманг, хабарлар билан расмий манбалар орқали танишинг;
- ўткинчи ҳиссиётларга берилманг, ваҳима ва саросимага тушманг, бугунги ҳаракатларингиз оқибатида эртага танишларингиз ёки оилангиз олдида уялиб қолишингиз мумкин;
- вазиятдан фойдаланиб, шахсий манфаат йўлида ғараз мақсадларни кўзламанг, ҳар бир ноқонуний хатти-ҳаракатингиз учун жавоб беришингизни унутманг;
- мамлакатимиздаги барқарорликни изидан чиқариш ниятида бўлган ёвуз ниятли кучларнинг ўйинчоғига айланиб қолманг. Унутмангки, ҳар бир ҳолат зудлик билан аниқланади, айбдорларга нисбатан қонуний тартибда қатъий чора кўрилади.
Барча саволларингиз бўйича алоҳида фаолият кўрсатаётган 1003 рақамли тезкор алоқа тармоғига мурожаат қилинг. Аниқ ахборотни ижтимоий тармоқлардаги @koronavirusinfouz расмий манзилидан билиб олишингиз мумкин.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter