Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

COVID-19да ўлим хавфини оширадиган энг катта омил

COVID-19да ўлим хавфини оширадиган энг катта омил

Фото: «Fabulae.ru»

Aмерикалик олимлар шизофрения билан оғриган беморларда COVID-19дан ўлиш эҳтимоли ушбу руҳий хасталиги бўлмаган одамларга қараганда 2,7 баравар юқори эканлигини аниқладилар. Тадқиқот «JAMA Psychiatry» журналида чоп этилган.

Мутахассислар 2020 йил март ойидан май ойигача бўлган даврда Нью-Йоркдаги 26540 нафар беморнинг саломатлик тарихини ўрганиб чиқдилар. Улар орасида 7348 нафари коронавирусни юқтириб олган.

Олимлар руҳий касалликка чалинган беморларни уч тоифага (шизофрения, аффектив ва ваҳима касалликлари) ажратиб, улар билан бундай дарди бўлмаган кишиларда COVID-19 қандай кечганини таққосладилар.

Коронавирусга чалинган етти мингдан ортиқ бемордан 75 нафари шизофрения, 564 нафари аффектив бузилиш, яна 360 нафари ваҳимадан азият чекишган. Бунда ташхис қўйилган кундан бошлаб 45 кун давомида 864 бемор вафот этган ёки хосписларга ўтказилган.

Натижаларни жинси, ёши, ирқи ва бошқа хавф омиллар билан ўрганган олимлар шизофрения билан касалланган беморларнинг COVID-19дан ўлиш эҳтимоли тахминан 2,7 баравар юқори эканлигини аниқладилар. Шу билан бирга, мутахассислар аффектив ёки ваҳима касалликлари ва коронавирусдан вафот этиш ўртасидаги боғлиқликни топишмади.

Тадқиқот муаллифлари таъкидлаганидек, шизофрения билан касалланган одамларда умр кўриш давомийлигининг қисқариши одатда бошқа тиббий хавфли омиллар билан боғлиқ. Мутахассислар шизофрения билан COVID-19дан вафот этиш ўртасидаги боғлиқлик масаласида қўшимча тадқиқотлар ўтказиш кераклигини айтишмоқда.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг