Чекинмаётган коронавирус: Туркия ва Исроилда — комендантлик соати, Европа карантинга қайтмоқда, Калифорнияда 40 миллион киши «уй қамоғида»
Дунёда коронавирус пандемияси бўйича вазият, гарчи вакциналар чиқишни бошлаган бўлса-да, ҳозирча танглигича қолмоқда.
Исроилда пандемия бўйича вазиятга масъуллар комендантлик соати жорий этишмоқчи. Агар ҳукумат тасдиқласа, комендантлик соати кечки соат 6 дан тонгги соат 6 гача давом этади.
Буюк Британиядаги Ковентри шифохонасида 90 ёшли Маргарет Кинан «Pfizer»/«BioNTech» (АҚШ-Германия) вакцинасини қабул қилган «биринчи рақамли» инсон бўлди.
Қўшма Қиролликда эмлашга расман старт берилди. Рўйхатда биринчилар — 80 ёшдан ошганлар ва тиббиёт ходимлари. Вакцинага доир хавотирли хабарлар ҳам йўқ эмас, шу боис бош вазир ҳар бир сўзини ўйлаб гапиришга мажбур.
«Огоҳликни сақлашимиз шарт. Вакцина келишни бошлагани — қувонарли, бутун миллат учун юпанч у, аммо эҳтиёт бўлган шарт», — деди Борис Жонсон.
Бош вазирнинг гапида жон бор. Ҳушёрлик зарар қилмайди. Чунки Brexit бўйича музокаралар кун сайин ботқоққа ботяпти. Жонсон нима қилиб бўлмасин, Европа иттифоқи билан ўртада кетаётган, куни битай деб турган янги битимни сақлаб қолиш илинжида. Акс ҳолда Европадан вакциналар келиши узилиб қолиши мумкин.
Германияда бир йўла уч ҳудудда, пандемия авжига чиқиб кетгани учун, карантин кучайтирилди. Саксонияда озиқ-овқатга ихтисослашганларидан бошқа барча дўконлар, мактаб ва боғчалар ёпилади. Баварияда эса кўчага чиқиш ҳам мумкинмас. «Bild» нашрига кўра, Рождестводан сўнг Германия умумий локдаунга олиниши мумкин. Якуний қарор шу ҳафта давомида қабул қилинади.
АҚШнинг Калифорния штати ҳам кучайтирилган карантинга кирган. 40 миллион нуфусга эга штатнинг деярли барча фуқароларига уйларидан чиқиш ман этилган. Касалхоналар эса тўлиб-тошган. Штатда бир куннинг ўзида 25 минг нафар янги ковид-бемор қайд этилди. АҚШда жами коронавирус қайд этилишлари сони 15 миллиондан ошиб кетди.
Туркияда касалланишлар ва қурбонлар сони бўйича янги антирекорд қайд этилди. Бир суткада 33 минг нафар бемор қайд этилиб, 200 нафар бемор вафот этган. Комендантлик соати энди дам олиш кунлари билан бирга иш кунларига ҳам татбиқ этилишни бошлади.
Пандемия давридаги энг эркин мамлакат — Швецияда ҳам чекловлар кучайтириляпти: Рождестово ва Янги йилни 8 кишидан ортиқ бўлиб бирга кутиш мумкин эмас. Қолган чекловлар ҳозирча тавсия шаклида. Аҳолидан имкон қадар жамоат транспортидан фойдаланмаслик, жуда зарур бўлмаган ҳолларда савдо марказлари, музей ва тренажёр залларига бормаслик сўраляпти.
Швейцария ҳам чекловларни кучайтириш арафасида. 12 декабрдан ресторанлар, дўконлар ва бозорларни ёпиш, кўнгилочар муассасалар ва спорт клублари фаолиятини, бешдан ортиқ инсоннинг бир жойда йиғилишини (келаётган байрамлар истисно қилиниши мумкин) чеклаш режаси кўриб чиқиляпти.
Нидерландияда ҳам аҳвол яхшимас, карантин кучайтирилиши мумкин, чунки касалланишлар сони ой давомида кунига биринчи марта 7 минг нафардан ошиб кетди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter