Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Бразилиядаги шаҳар тобут етмай қолишидан хавотирда

Бразилиядаги шаҳар тобут етмай қолишидан хавотирда

Фото: «Ekb.ritual.ru»

Бразилиянинг Амазонас штати пойтахти Манаус шаҳрида тобутлар тугаб бормоқда, дафнлар сони кунига юздан ошиб кетмоқда, ўтган ҳафтанинг охирларида омборларда мингтага яқин тобут қолганди, дейилади Бразилия дафн компаниялари ассоциациясида.

Ассоциация ҳукуматдан ҳаво транспорти орқали тобут етказиб беришда ёрдам сўради.

«COVID-19 эпидемияси туфайли Манаусда амалда бўлган фавқулодда ҳолат тартибини, 25 апрель ҳолатига кўра омборларда 1000 тадан кам тобут ва дафн идишлари қолганлигини, вафот этаётганлар сони кунига 130 кишидан ошиб кетаётганини, шунингдек, Манаусга тобутларни темир йўл транспорти орқали вақтида етказиб берилмаётганини ҳисобга олиб, Кампинасдан Манаусга 2000 та тобутни ҳаво транспорти орқали етказиб беришларингизни сўраймиз», — дейилади ассоциациянинг федерал ҳукуматга йўллаган мактубида.

«Globo» телеканалининг хабарига кўра, Манаусда дафнлар сони пандемия бошлангандан бери тўрт баравар кўпайган, маъмурлар тунда кўмишга мажбур бўляпти. Таъкидланишича, гап фақат коронавирусдан вафот этаётганлар ҳақида бормаяпти.

Вақтни тежаш учун одамлар қазилган хандақларга дафн этиляпти. Жойни тежаш мақсадида тобутларни ёнма-ён эмас, устма-уст қўйиш кўриб чиқилганди. Бироқ танқидлар туфайли бу фикрдан қайтишди.

«Globo»нинг маълум қилишича, расмийлар ассоциациянинг ёрдам сўраб қилган мурожаатига ҳозирча аниқ жавоб бергани йўқ.

Охирги маълумотларга кўра, Бразилияда коронавирусга чалинганлар сони 78 162 кишига етди, 5466 киши ҳаётдан кўз юмди, 449 киши тузалди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг