Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

АҚШнинг давлат қарзи рекорд даражага етади

АҚШнинг давлат қарзи рекорд даражага етади

Фото: «Yandex.com»

Қўшма Штатларнинг давлат қарзи ва Америка корпорацияларининг қарзлари 2020 йилда коронавирус пандемияси туфайли рекорд даражага етади, деб ёзди «The Washington Post».

Федерал бюджет тақчиллиги тўрт триллион долларгача кўтарилади: бундай ҳолат 1945 йилдан бери кузатилмаганди. «ExxonMobil» ва «Walgreens» каби йирик корпорациялар эса кредит линияларини аллақачон сарфлаб бўлишган, бироқ ҳали ҳам маблағга эҳтиёж сезмоқда.

Тадбиркорлар олдида иккита йўл турибди: кредит тўловларидан ўтиш ёки ходимларни ишдан бўшатиш. Банклар аллақачон фуқаролардан талаба кредитлари ва кредит карталаридаги қарзларини тўлашни талаб қилган.

«Хавотирга тушишимиз керак. Замонавий тарихда ҳали кузатилмаган қарздорлик даражаси ҳақида гап боряпти. Биз тиклаб бўлмас нуқтага яқинлашяпмиз», — дейди Пристон университети иқтисодиёт профессори Атиф Миан.

Иқтисодиётни қўллаб-қувватловчи чоралар сифатида Федерал резерв тизими аллақачон асосий меъёрни нолгача туширди ва ўз портфелига икки триллион доллар қўшиб қўйди — Буюк депрессиядан сўнг тўрт йил давомида шунча миқдор қўшилганди.

Молия вазири Стивен Мнучин эса эпидемия туфайли зарар кўраётган бизнесни қўллаб-қувватлаш учун давлат пулни аямаслиги кераклигини айтмоқда.

«Келажакда танқисликни бартараф этамиз, ҳозир эса бу ҳақда ўйлаш вақти эмас», — деб изоҳлаган вазир.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг