АКТ вазирлиги баёноти: Телекоммуникация ва интернет хизматларида бонуслар берилади
Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори асосида вазирлик томонидан амалга оширилаётган ишлар бўйича баёнот берди.
Қайд этилишича, ҳозирги кунда фуқароларимиз ва ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари томонидан Вазирлар Маҳкамасининг ушбу қарори бўйича кўплаб савол ва мурожаатлар келиб тушмоқда. АКТ вазирлиги мазкур масалага изоҳ бериб аниқлик киритди.
Вазирлар Маҳкамасининг «Коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори асосида 2020 йил 24 мартдан бошлаб республика ҳудудида коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши кучайтирилган тартиб жорий этилди.
Унга кўра бир қатор чоралар амалга оширилди. Жумладан, Ўзбекистонда 24 мартдан бошлаб фуқаролар томонидан интернет ва телефон алоқаси учун тўловларни ўз вақтида амалга оширмаганлик учун 2 ой давомида ўчирилишига йўл қўйилмаслиги белгиланган.
Мазкур қарорга кўра, лицензия асосида фаолият юритаётган телекоммуникация операторлари ва провайдерлари, икки ой давомида симли телефон алоқаси (халқаро телефон сўзлашувлар ва мобил алоқасидан ташқари) ҳамда интернет жаҳон ахборот тармоғига симли ва симсиз уланиш хизматлари учун тўловлар ўз вақтида амалга оширилмаган ҳолларда абонентлар тармоқдан ўчирилмаслиги таъминланади.
Шу билан бирга, ташқи интернет трафиги чекланган тариф режаларида лимитдан ташқари трафик нархини арзонлаштириш имкониятлари ўрганиб чиқилмоқда.
Бу ҳақда, фуқароларимизни интернет ва симли телефон алоқасидан фойдаланишда яратилган қўшимча қулайликлар тўғрисидаги маълумотлар билан расмий веб-саҳифаларда, оммавий SMSларни юбориш ҳамда оммавий ахборот воситалари орқали хабардор этиб борилади.
Таъкидланишича, ҳозирги вақтда республикада узлуксиз алоқани таъминлаш ва фуқароларимизга имкониятлар яратиш мақсадида телекомуникация операторлари ҳам фаол иштирок этмоқда.
Ўзбекистонда коронавирус (COVID-19) бўйича карантин режими эълон қилинган вақтдан бошлаб барча телекоммуникация операторлари умумтаълим мактаблари ва мактабгача таълим муассасалари тарбияланувчилари уйдан бемалол фанларни ўзлаштириш учун таълим манбаларининг веб-сайтларга бепул киришни таъминлаб берди: Халқ таълими вазирлиги портали (http://eduportal.uz), Республика болалар кутубхонаси веб-сайти (http://kitob.uz), Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги ихтисослаштирилган мактаб веб-портали (https://itschool.uz), маҳаллий видеоманбага (https://utube.uz), «ZiyoNET» таълим портали (http://ziyonet.uz) ва бошқа Халқ таълими вазирлиги манбалари: (http://edumarket.uz, https://online-maktab.uz, https://talim.uzedu.uz).
Фуқароларимизни охирги янгиликлардан хабардор қилиш мақсадида телекоммуникация операторлари абонентларига энг кўп ўқийдиган оммавий ахборот воситаларининг манбаларидан — uzreport.news, xabar.uz, daryo.uz, gazeta.uz, kun.uz, podrobno.uz, repost.uz, uznews.uz, spot.uz бепул фойдаланиш имкони тақдим этилди.
Жамоатчиликни коронавирус (COVID-19) тўғрисида хабардор қилиш ва тарқалишининг олдини олиш учун амалга оширилаётган чора-тадбирлар ҳақида расмий веб-сайти (http://coronavirus.uz/uz)га кириши ҳам бепул қилинди. Мазкур манбада коронавирус ҳақида ва Ўзбекистонда коронавирусга қарши олиб борилаётган чора-тадбирлар тўғрисида объектив ва ишончли маълумотларга эга бўлишлари мумкин.
Ўзбекистонда коронавирус масаласида ишончли маълумотга эга бўлиш учун 16 мартдан Тошкентда фуқароларимиздан коронавирус инфекцияси юзасидан туғилган саволларига ўз вақтида жавоб олиш мақсадида Соғлиқни сақлаш вазирлиги Call-марказининг қисқа «1003» ягона рақами 24 соат давомида ишлаб турибди. Фуқаролар томонидан амалга ошириладиган қўнғироқлар барча телекоммуникация операторлари ва провайдерлари томонидан республикамизда бепул амалга оширилмоқда.
Бундан ташқари, карантин режими вақтида барча телекоммуникация операторлари ва провайдерлари томонидан республикамизда ўз абонентларига қулайлик яратиш мақсадида янги тарифларни ва янги хизматларни жорий қилди. Масалан, «Ўзбектелеком» компанияси интернет-тўловларни амалга оширишда янги ва қулай тизимни жорий этди. UCELL™ компанияси янги хизматни — ўз абонентларни масофавий равишда мобил алоқага улаш хизматини йўлга қўйди. Beeline™ компанияси ўз мижозлари учун Beeline TVдан бепул фойдаланишда имкон яратди ва вирус юқиши хавфи юқори бўлган давлатларда истиқомат қилаётган абонентлари учун ижобий баланс бўлиши шарти билан 30 кунга 500 мегабайт трафик тақдим этилди.
Шундан келиб чиқиб, барча телекоммуникация операторлари ва провайдерлари асосий вазифасини бажариши, яъни жамиятда коммуникация жараёнларини таъминлаши билан бирга, аҳолига ҳозирги вазиятда қулай шароит яратиш учун қатор ишларни амалга оширмоқда.
Фуқаролар барча телекоммуникация операторлари ва провайдерлари кўрсатган хизматлари учун тўловларни ўз вақтида амалга ошириши бу тармоқнинг сифатли ишлашига таъсир кўрсатади.
Фуқароларга қўшимча маълумотларни тақдим этиш мақсадида, телекоммуникация операторлари ва провайдерлари томонидан республикамизда кўрсатилаётган хизматлар бўйича қўшимча чегирмалар ва бонуслар бериш, тўловларни амалга ошириш муддатини узайтириш ҳамда ушбу чора-тадбирлар тўғрисида маълумотларни веб-саҳифаларимизда, ижтимоий тармоқлар орқали хабардор қилиб борамиз, – дейилади АКТ вазирлиги баёнотида.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter