Зомин кўчаларида юрган бўрилар бўйича изоҳ берилди
Ижтимоий тармоқларда Жиззах вилоятининг Зомин туманида ярим тунда шаҳарча кўчаларини бўрилар кезиб юрганлиги тўғрисида хабарлар тарқалди.
«Xabar.uz» сўровига жавобан Жиззах вилоят Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси матбуот хизмати қуйидагиларни маълум қилди.
— Бўрилар айнан Зоминдаги шаҳарча ҳудудида бўлмаган. Бўрилар Жиззах вилоятининг тоғли ҳудудларида учрайди ва яшайди. Аммо сўнгги йилларда бўриларнинг аҳолига ташланганлиги ёки шикастлантириш ҳолатлари аниқланмаган.
Маълумот ўрнида, Ўзбекистон Республикасининг «Ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида»ги Қонунининг 29-моддаси 2-қисмига асосан, ҳайвонот дунёси объектларидан махсус фойдаланиш рухсатномалар асосида ҳақ эвазига амалга оширилиши белгиланган.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикасининг «Ов ва ов қилиш хўжалиги тўғрисида»ги Қонунининг 25-моддаси 3-қисмида овчилик хўжалигига ва инсоннинг хўжалик фаолиятига зарар етказувчи ёввойи ҳайвонларни отиш ёки тутиб олиш овчилик хўжаликларининг талабномаларига кўра Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси билан келишилган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси томонидан тасдиқланади, деб кўрсатилган.
Яъни, овчилик хўжалигига ва инсоннинг хўжалик фаолиятига зарар етказувчи ёввойи ҳайвонлар кўпайиб кетганда овчилик хўжаликларининг талабномаларига кўра, Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси томонидан ҳудуддаги ҳайвонлар кўпайганлиги тасдиқланган тақдирда, Фанлар Академияси ва Давлат Экология қўмитаси билан келишилган ҳолда кўпайиб кетган ёввойи ҳайвонлар сонини тартибга солиш учун овлашга рухсат берилади.
Ижтимоий тармоқларда фойдаланувчилар томонидан бўрига ўхшаш бўлган итлар бўри овози билан тасвирланган видеолавҳалар жойлаштирилмоқда. Ушбу лавҳалар фейк хабар бўлиб, ижтимоий тармоқлар фойдаланувчиларидан бу каби хабарларни тарқатиб, аҳолини ваҳимага солмасликларини сўраймиз, дейилади муносабатда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter