Захарованинг заҳарханда луқмаси. Хўш, Москва Тошкентга нима демоқчи?
Россия ташқи ишлар вазири расмий вакили Мария Захарованинг Ўзбекистонда давлат тилида иш юритиш тўғрисидаги қонун лойиҳаси юзасидан берган баёноти ҳақли эътирозларга сабаб бўлди.
Кремль жарчиларидан бири бўлган хонимнинг иддао қилишича, Ўзбекистонда ўзбек тилида иш юритишга қаратилган қонун лойиҳасининг тарафдорлари жуда озчиликни ташкил этади; бинобарин, рус тилини расмий доираларда тўлалигича сақлаб қолиш мамлакат фуқаролари (яъни сиз бизнинг) манфаатлари(миз)га тўғри келади!
Аввало, бу тахлит қатъий ҳукм чиқариш учун рад этиб бўлмас исбот келтирмоқ талаб этилади. Захарова хоним эса бу даъвосини дастаклайдиган далил келтиролмаслиги кундек равшан. Фаразан, у айтган ҳолат ҳақиқат бўлган тақдирда ҳам, бир мамлакат ТИВ вакилининг бошқа бир суверен давлат қонунчилигини муҳокама этиши очиқдан-очиқ ички ишларга аралашув дея малакаланади. Бу эса на миллий ва на халқаро меъёрларга тўғри келади.
Захарованинг баҳс-мунозара услуби ажабтовур. Унинг баёнотларига ишонилса, бутун дунё Россияга қарши фитна тўрини тўқиш билан банд! Қизиқ, гоҳ АҚШ, гоҳ Европани Россия ички ишларига аралашувда айблайдиган воиз хоним Ўзбекистоннинг ички ишларига билмасдан аралашиб қўйдимикан? Дипломатнинг дипломатия тутумларига умуман тўғри келмайдиган баёноти шунчаки шахсий нуқтаи назар ифодаси эдими?
Қайдам! Ташқи ишлар вазирлиги воизининг баёнотини шахсий нуқтаи назар деб қабул қилиш анойилик бўлур эди. Зотан, вазирлик расмий вакили ҳамиша ўзи мансуб давлатнинг расмий позициясини ифодалаши маълум.
Бир пайтлар Ўрта Осиё мамлакатларида ҳукмфармолик қилган Россиянинг «катта оғалик» кайфиятидан воз кечиши мушкул кечмоқда. Иқтисоди фаторатга юз тутаётган мамлакат сиёсатдонлари эса турмуши тобора танг бўлиб бораётган аҳолини ширин ўтмиш хотиралари билан алдаш-аллалашга уринмоқда.
Захарова хонимнинг заҳарханда кулгига йўғрилган баёноти ҳам у мансуб сиёсий бошқарувнинг империячилик қутқусига асир бўлаётганига шоҳидлик бермоқда.
Сир эмас, Россия президенти Владимир Путин СССРга хайрихоҳлиги, таъбир жоиз бўлса, у даврга айрича муҳаббатини яшириб ўтирмайди. Пропагандага муккасидан кетган расмий матбуот ҳам қизил салтанатнинг илдизи қон билан суғорилганини зўр бериб хаспўшлашга уринади. Жосуслик идораси тарбияланувчиси бўлган президентнинг ўзи кўплаб интервьюларида СССР парчаланганини фожиа ва хато деб атаган.
«Евроосиё иқтисодий иттифоқи – Кремлнинг собиқ СССРни қайта тиклашга қаратилган геосиёсий лойиҳаси» деган хавотирли қарашлар ҳам ўз-ўзидан пайдо бўлиб қолмаган, албатта. Москва орбитасидан чиқиб кетишга уриниш қандай оқибатга олиб келишини эса пароканда этилган Украина мисолида кўрдик...
Таҳлилчиларга кўра, Кремль собиқ мустамлакалардаги миллий уйғониш, миллий тилга қайтиш ҳаракатларини жуда оғриқли қабул қилади. Масалан, бир неча йил олдин Қозоғистонда миллий тил нуфузини ошириш масаласи кўтарилганда ҳам Москва ўз эътирозини кескин тарзда билдирган эди. Ўшанда президент Путин «Қозоғистон тарихан давлатчилик анъаналарига эга бўлмаган» деган иддао билан Нурсултон Назарбоевга гўё «шифрланган хабар» йўллаган эди.
Янги Ўзбекистон учун ҳам шимолдаги катта қўшнидан «сермаъно муждалар» йўлланиши янгилик бўлмай қолди. Эсингизда бўлса, М.Захаровадан аввал Россиянинг яна бир аёл мулозими – парламент юқори палатаси раиси Валентина Матвиенко ҳам Ўзбекистоннинг суверен давлат эканини «унутиб», подадан олдин чанг чиқарган эди. «Ўзбекистон президенти (Евроосиё иқтисодий иттифоқига қўшилиш масаласида) қарор қабул қилиб бўлди» деган эди Матвиенко хоним...
Таҳлилчиларга кўра, тобора иҳоталаниш томон юз бураётган Россия билан муносабатларда етти эмас, етмиш марта ўлчаб иш кўрмоқ керак. Бунда эса синовдан ўтган эски усул: кўп векторли сиёсат қўл келади...
С.Салим
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter